Деҳқончиликда,жумладан, пахта ва ғаллачиликда ўзига хос мактаб яратилган Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида ўтган йили мураккаб иқлим, фавқулодда табиат ҳодисаларига қарамасдан 5 минг 525 гектарга экилган буғдой ҳосилидан 12 минг 715 тонна хирмон уйилган.
Давлатга сотилганидан ташқари, маҳаллий фермер хўжаликлари ихтиёрида қолдирилган яна шунча миқдордаги буғдой даромадидан ўнлаб оилалар моддий манфаатдорлиги оширилмоқда.
Жорий йилда ҳам туманда ғалла етиштириладиган майдон ўзгармаган, аммо ғаллакорликда катта тажрибага эга 152 та фермер хўжалиги томонидан давлат омборига 13 минг 200 тоннадан ошириб ғалла хирмонини бунёд этиш чоралари кўрилмоқда.
“Жарқоқ”, “Навбаҳор”, “Бўзачи” маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият олиб бораётган фермер хўжаликларида ўтган йилларда асосан “Старшина”, “Алексейвич”, “Гром” навлари билан бир қаторда “Краснодарская-99” истиқболли нави синовдан ўтказилган. Ташкилий жиҳатдан, ҳудудда таъминотчи ва донни қайта ишловчи “Buxoro Agrocluster” ва “ARK Еco textile” МЧЖ лари томонидан буғдой ҳосилини сифатли ўриб-йиғиб олишга етарлича дон ташувчи автомашина, дала бошига ёқилғи таъминоти ва техник хизмат кўрсатувчилар жалб қилиниши самарасини беради. Шу мақсадда айни кунда тумандаги 8 та комбайнни ғалла ўримига шай ҳолатга келтириш, техник кўрикдан ўтказиб, таъмирлаш ишлари аллақачон бошланган.
Навбаҳор ҳудудидаги собиқ “Қоровулбозор пахта тозалаш заводи”да жойлашган “ARK Еco textile” МЧЖ базасида 6 та юқори унумли “CASE-2366” ва “CASE-4088” русумли комбайн ва бошқа механизмлар таъмирланмоқда. Комбайнлардаги эҳтиёт қисмлар — донни элаш сеткаси, автошиналари, аккумляторлари, радиатор-совутиш тизими, ўрим тиғи-пичоқлари янгисига алмаштирилмоқда. Бу ерда механик мутахассислар билан бирга пайвандловчи, чилангар, темирчи, механизаторлардан иборат техник жамоа комбайнлар ва уларга зарур механизмларни тез ва сифатли таъмирлаш устида ишламоқда.
[gallery-17570]
Ҳар йилги анъанага биноан, ғалла ўримида бошқа туманлардан юқори унумли комбайн экипажларини жалб қилиш кутилмоқда. Ўтган йилги мавсумда чўлқувар фермер хўжаликлари ғаллазорларида 56 та комбайн экипажи кучидан фойдаланилган.
Зариф Комилов Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари