English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Колумбияда яна бир карра Ўзбекистон номи улуғланди
09:45 / 2022-12-16

Колумбия пойтахти Богота шаҳрида оғир атлетика бўйича катталар ўртасида давом этаётган Жаҳон чемпионати ўзининг якуний босқичига яқинлашмоқда.

Бугунгача чемпионатнинг аёллар ва эркаклар ўртасидаги 18 та вазнда ғолиб ва совриндорлар аниқланди.  

Бир кун муқаддам истеъдодли спортчимиз Кумушхон Файзуллаева чемпионат совриндори бўлиб, "Париж-2024" Олимпия ўйинларининг муҳим рейтинг очкосини қўлга киритганди.  

Энди эса Рио олимпиадаси ғолиби Руслан Нуруддинов 109 килограмм вазнда мутлақ жаҳон чемпионлигига эришди. У муросасиз баҳсларда энг яқин таъқибчиси бўлган грузиялик Гиоргий Чхеидзени 8 килограмм ортда қолдиришга муваффақ бўлди.  

Нуруддинов даст кўтариш машқида 177, силтаб кўтаришда 220 кило ва умумий ҳисобда 397 килограмм кўрсаткич билан дунёнинг тенгсиз спортчиси эканини намойиш қилди.  

Ушбу натижа туфайли Руслан икки бор жаҳон чемпионлигига эришган биринчи ўзбек оғир атлетикачиси номига мушарраф бўлди.  

Ҳамюртимиздан кейинги ўринларни грузиялик Чхеидзе, колумбиялик Рафаэл Кастилё эгаллади.  

Руслан Нуруддиновнинг ғалабаси шарафига Богота спорт майдонида Ўзбекистон мадҳияси янграб, байроғимиз юксалди.  

– Мазкур Жаҳон чемпионати 2024 йилги Олимпия ўйинларининг илк рейтинг очколарини тақдим этадиган мусобақа бўлганлиги сабабли унга бўлган қизиқиш ва эътибор юқори бўлди. 10 нафар спортчи билан чемпионатда иштирок этаётган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Кумушхон Файзуллаеванинг 90 дан зиёд давлат вакиллари орасида совриндор бўлиши, Русланнинг чемпионликка эришиб, яна бир карра Ўзбек оғир атлетика қудратини кўрсатиши, ёш спортчиларимиз Нигора Абдуллаева, Муҳаммадқодир Тоштемиров, Достон Ёқубовнинг ўз вазнларида кучли ўнликдан жой олиб, рақибларига муносиб рақобат ҳосил қилганлиги Париж-2024 йўлидаги ҳаракатларимиз самарали кечаётганлигини кўрсатмоқда, – дейди ҳозирда Боготада бўлиб турган Спортни ривожлантириш вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов телефон орқали мулоқотда.

Эртага Жаҳон чемпионатининг сўнгги кунида спортчилар +109 килограмм вазнда медаллар учун баҳс юритади. Ушбу вазнда мамлакатимиз шарафини Токио олимпиадаси ғолиби Акбар Жўраев ҳимоя қилади.  

 

Тўлқин Рўзиев, ЎзА