АҚШнинг нуфузли Колумбия университети Дональд Трамп маъмурияти билан 220 миллион доллардан ортиқ миқдордаги келишувга эришди. Шу тариқа аввал чекланган федерал тадқиқот маблағи қайта тикланади. Жараён 2023 йил 7 октябрдаги Ғазо можаросидан сўнг кампусда кузатилган антисемитизм ҳолатларига қарши етарли чора кўрилмагани учун тўхтатилган.
Университет энди уч йил давомида 200 миллион доллар тўлайди. Қўшимча равишда яҳудий профессор-ўқитувчиларга нисбатан фуқаролик ҳуқуқи бузилгани учун 21 миллион доллар товон ундирилади. Расмий баёнотда ушбу битим таълим даргоҳига муҳим барқарорлик олиб келиши таъкидланган.
Битим доирасида қуйидаги шартлар ҳам белгиланди:
Талабалар интизоми тизимини қайта кўриб чиқиш;
Антисемитизмга қарши кураш бўйича федерал таъриф қабул қилиш (бу нафақат таълим жараёни, балки интизомий тартиботга ҳам тааллуқли);
Яқин Шарқ бўйича курсларни мувозанатли мазмунда қайта кўриб чиқиш;
Исроил ва яҳудий тадқиқотлари институтига янги профессорлар тайинлаш;
Ирққа асосланган квота ёки турли-туманлик сиёсатини тарғиб қилувчи дастурларни бекор қилиш.
Келишув асосида ҳеч қандай жиноятни тан олиш кўзда тутилмаган бўлса-да, Колумбия университети Трамп маъмурияти талаб қилган ислоҳотларни қабул қилгани аёнлашган.
Трамп бу ҳаракатни олқишлаб, Колумбия университети "фақат ютуқларга асосланган қабул тизимига ўтгани"ни таъкидлади. "Талабалар фуқаролик эркинлигини ҳимоя қилишга" ваъда берди. Шунингдек, бошқа олий таълим муассасалари ҳам федерал маблағдан ноўрин фойдалангани учун терговга тортилишидан огоҳлантирди.
Мазкур университет Ғазо можароси асносида Фаластин тарафдорлари иштирокидаги намойишлар юзасидан бошланган текширувнинг дастлабки нишонига айланган. Ички тергов гуруҳи 2024 йилдаги намойиш чоғида баъзи яҳудий талабалар ҳақоратланганига ҳам эътибор қаратган.
Кўп ой давом этган музокарадан сўнг эришилган мазкур муҳим муроса АҚШдаги университетлар фаолиятини федерал даражада назорат қилишда янги босқични бошлаб бериши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА