Кеча Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси доирасида қатор давлатлар раҳбарлари нутқ сўзлади. Деярли барча чиқишларда дунё етакчилари Ғазодаги вазиятга тўхталди, десак муболаға бўлмайди. Зеро, Фаластин халқининг чекаётган азоб-уқубатлари дунё аҳлини бефарқ қолдирмаяпти. Айтиш жоизки, бу борада Колумбия президенти Густаво Педронинг нутқи анчайин кескин бўлди.
Колумбия етакчиси БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан туриб Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва унинг Европа ҳамда АҚШдаги иттифоқчилари Ғазодаги инқироз сабаб озодликда қолмаслиги керак, деди.
– БМТ халқаро адолат ўрнатилишини таъминлаши керак, -деди у ўз нутқида.
Бундан ташқари, Густаво Педро Ғазодаги зиддиятга қарши бўлган Лотин Америкаси, Осиё ва славян давлатлари армияларини Фаластин халқини ҳимоя қилиш ва Фаластинни озод қилиш учун кўп миллатли қуролли корпус яратишга чақирди.

Маълумки, жорий йилнинг 16 сентябрь куни Исроил ҳарбийлари Ғазо шаҳрини Ҳамас жангарилари ва уларга иттифоқдош Фаластин гуруҳларидан тозалаш, шунингдек, исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш учун Ғазо шаҳрига юриш бошлаганини эълон қилди.
Қуруқлик ҳужуми замбараклар ва ҳаво кучлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Ғазо секторига бир кечада берилган зарбалар ортидан Исроил мудофаа вазири Кац шаҳарни “ўт ичида” деб эълон қилди.
Эътиборли жиҳати, Колумбия президентининг Қўшма Штатлар етакчиси Дональд Трампга ҳам “атаганлари” бор экан. У ўз нутқида Кариб денгизидаги қайиқларга ракета ҳужуми уюштиришга буйруқ берган АҚШ ҳукумати амалдорлари, жумладан, президент Дональд Трампга нисбатан жиноий иш қўзғатилиши кераклигини айтди.

– Гумонланувчилар ноқонуний юк олиб юрган бўлиши мумкин, лекин гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланмаган, -деди Педро. – Уларнинг Нью-Йоркдан бошқа танлови йўқ бўлган ва улар Нью-Йоркка келаётган камбағал ёшлар эди. Трамп қуролсиз муҳожирлар қайиқларига ракета улоқтирди ва уларни терроризмда айблади.
Колумбия лидерининг таъкидлашича, ўтган йиллар давомида унинг ҳукумати рекорд миқдордаги кокаинни мусодара қилган ва 700 дан ортиқ йирик гиёҳванд моддалар савдогарларини АҚШ ва Европага экстрадиция қилган.
С.Раҳимов, ЎзА