Колумбия чангалзорларида авиаҳалокатдан тирик қолган тўрт бола топилди
Колумбия қуролли кучлари мамлакат жанубида Какета департаменти чангалзорларидан авиаҳалокатдан тирик қолган тўртта болани топишди. Улар ҳалокатга учраган Cessna 206 самолёти йўловчилари бўлган ва ўрмонда 16 кун қолиб кетишган, дея маълум қилди мамлакат президенти Густаво Петро.
“Қуролли кучларимиз кечаю-кундуз қидирув олиб бориши натижасида, тўрт болани тирик ҳолда топишди. Улар авиаҳолакатдан кейин бедарак кетган эди. Бу мамлакат учун қувончли воқеа бўлди”, – деб ёзган Петро ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
1 май куни Cessna 206 самолёти Араракуари шаҳридан Сан-Хосе-дел-Гуавьярега парвоз қилаётганда двигатели ишламай қолиб, ўрмонга қулаб тушган. Қутқарувчилар икки учувчи ҳамда тўрт боланинг онаси Магдалена Мукутуининг жасадини топишган. Омон қолган болалар 13, 9, 4 ёш ва 11 ойлик гудак бўлган. Хабарда айтилишича, айни пайтда болалар соғ-саломат, уларни Колумбия ҳарбий денгиз кучлари хизматчилари кузатиб келмоқда.