1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова, Омбудсман котибияти ходимлари, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори вакиллари Тошкент вилоятидаги 24-сон тарбия колониясида сақланаётган вояга етмаган маҳкумларни байрам билан табриклади.
Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизмати маълум қилмоқда.
Дастлаб Бола ҳуқуқлари бўйича вакил вояга етмаган маҳкумларни байрам билан табриклаб, уларга мустаҳкам соғлиқ, омад тилади.
- Мендан кўпинча фарзандларингиз нечта деб сўрашади, – дейди А.Юнусова. — Ўзбекистондаги барча болалар менинг фарзандларим, дейман. Шундай экан, қаерда бўлманг бирор бир муаммога дуч келсангиз ёки ҳуқуқларингиз поймол этилса – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил сизни эшитишга доим тайёр. Мурожаатларингизни Омбудсман қутилари ёки муассаса раҳбари орқали юборишингиз мумкин. Яқин кунларда болалар учун ишонч телефони хизмати ҳам жорий этилади. Шундан сўнг болалар тун-у кун ўзларини қийнаган муаммолари бўйича телефон орқали мурожаат қилиши мумкин бўлади.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил байрамга совға сифатида тарбия колониясида театр томошаларини ташкил этиш бўйича лойиҳанинг иккинчи босқичига старт берилганини маълум қилди.
Учрашувда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан мазкур тарбия колониясининг кутубхонасига “Амир Темур сулоласи”, “Меҳробдан чаён”, “Алкимёгар” каби 50 та китоб совға қилинди. Шунингдек, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори томонидан муассаса тарбияланувчиларига спорт кийимлари берилди.
Ташриф доирасида халқаро ташкилот вакиллари тарбия колониясида маҳкумлар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Муҳайё Тошқораева,ЎзА