Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Коллежлар кредит-модуль тизимига ўтади
21:27 / 2023-12-12

«Ўзбекистон — 2030» Стратегиясига мувофиқ, 2024—2025 ўқув йилидан бошлаб касб-ҳунар коллежлари ва техникумлар кредит-модуль тизимига ўтади. Ўқув жараёни кредитлар (баллар)ни ўтказиш ва тўплаш Европа модели — ECTS бўйича ташкил этилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 7 декабрдаги тегишли қарорига кўра, кредит-модуль тизими билан қамраб олинган таълим дастурлари Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан белгиланади. Ўқув йилининг давомийлиги  дастур асосида белгиланади. 

Ўқувчилар маълум ўқув юкламасининг ўзлаштирилганини кўрсатиш учун ўқув йили давомида камида 60 та кредит тўплаши керак бўлади. Ҳар бир кредит ўртача 25-30 академик соатга тенг. Ўқув юкламасининг умумий ҳажми ўқув режасидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади ҳамда аудитория соатлари ва мустақил таълимга бўлинади. Академик давр учун талаб этиладиган кредитлар миқдори мажбурий ва ихтиёрий фанларни ўз ичига олади.

Таълим дастури ўқувчилар томонидан бир семестр давомида 30 та кредит олишни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади. Академик қарзи бўлган талабаларнинг ташаббусига кўра, таътил давомида етмаган кредитларни олиш учун тўлов эвазига қайта топшириш ўтказилади. 

Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА