Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Коллеж ўқувчиси “Миллатнинг энг яхшиси” мукофотига сазовор бўлди
20:14 / 2026-01-17

Ўтган 2025 йил 27–29 ноябрь кунлари Хитойнинг Тайпей шаҳрида 22 ёшгача бўлган йигит ва қизлар ўртасида WorldSkills Asia Taipei 2025 халқаро профессионал маҳорат чемпионати бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон делегацияси мувафффаыиятли иштирок этиб, мамлакат шарафини муносиб ҳимоя қилди.

Ўзбекистон номидан 16 та маҳорат йўналиши бўйича 32 нафар иштирокчи қатнашди ва ўз профессионал билим ҳамда амалий кўникмаларини намойиш этди.

Мусобақа натижаларига кўра, Сирдарё вилоятининг Ширин энергетика коллежи ўқувчиси Иқболмирзо Абдусамадов электромонтаж касби бўйича фаол иштироки ва юқори масъулияти учун нуфузли WorldSkills International “Миллатнинг энг яхшиси” мукофотига сазовор бўлди. Бу мукофот халқаро майдонда ўз мамлакати шарафини ҳимоя қилган ва касбий салоҳияти билан ажралиб турган иштирокчиларга берилади.

– Ёшлигимдан устачилик ва электр энергияси соҳасига қизиқишим катта бўлган, – дейди Иқболмирзо Абдусамадов. – Моддий қийинчиликлар сабаб бироз муддат хорижда ҳам ишлаганман. Шундан сўнг, чет эл компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этилган Ширин коллежида энергетика йўналиши бўйича ўқишга кирдим. Асосийси, устозларим маслаҳати асосида ушбу нуфузли мусобақада қатнашиш имконига эга бўлдим.

Маълумотларга кўра, агар Иқболмирзо Абдусамадов кейинги босқич — Шанхай шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро мусобақада ғолибликни қўлга киритса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига асосан, 1 миллиард 30 миллион сўм миқдоридаги мукофот пули билан тақдирланади.

– Электромонтаж оддий ишдек туюлиши мумкин, аммо ақлли уй тизими каби мураккаб йўналишлар тажриба ва билим талаб этади. Нуфузли мусобақада иштирок этганларнинг тайёргарлиги катта эди. Бироз ҳаяжон бўлди, аммо қийинчиликларга қарамасдан юқори натижа қайд этганимни эшитганимда, бу касбни танлаганимдан фахрландим, – дейди у.

Иқболмирзо Абдусамадов таъкидлаганидек, “WorldSkills Asia Taipei 2025”даги муваффақият Ширин энергетика коллежида таълим ва тарбия берган устозлари меҳнати, яқинларининг қўллаб-қувватлаши, шу касбга бўлган қизиқиши ва мамлакатда касбий таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган тизимли ишлар натижасидир.

Асосийси, жорий йилда ўтказиладиган мусобақада иштирок этиш бахтига муяссар бўлди. Бу эса нафақат ёш мутахассиснинг шахсий ютуғи, балки мамлакатда касбий таълим тизими самарадорлиги, ёшлар салоҳияти ва уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсати натижасининг яққол ифодаси сифатида эътироф этилади.

Муҳими, Ўзбекистон жамоасининг халқаро майдондаги ушбу муваффақияти мамлакатда касбий ва техник таълим тизимининг изчил ривожланаётганини ва глобал стандартларга мувофиқ рақобатбардош мутахассислар тайёрланишини ҳам яққол намоён этади.

Ғулом Примов, ЎзА