Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Коллектор-дренаж атрофларидаги ерларни ижарага бериш суғориш тармоқларига таъсир қилмайдими?
14:06 / 2024-02-06

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни иккиламчи ижарага бериш ва улардан самарали фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳаси бўйича қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Қаҳрамон Йўлдошев маъруза қилди. 

— Бугунги кунда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг дала четларида 34,5 минг гектар, коллектор-дренажлар атрофида 24,5 минг гектар ер майдонларида қўшимча 340 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш имкони мавжуд. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан бирга, маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятини янада кенгайтиради. Бироқ, ушбу майдонлардан самарали фойдаланиш, шунингдек, иккиламчи ижарага бериш орқали аҳоли бандлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асоси яратилмагани сабабли мазкур ерларда маҳсулотлар етиштириш имкониятларидан фойдаланилмаяпти. 

Қонун лойиҳаси билан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари дала четларидаги коллектор-дренаж ва суғориш тармоқларининг атрофларидаги ер майдонларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун 10 йилгача муддатга қонунчилик талабларини ҳисобга олган ҳолда иккиламчи ижарага бериш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, ердан фойдаланувчиларнинг дала четлари ва коллектор-дренаж ҳамда суғориш тармоқларининг атрофларидаги ер майдонлари, шунингдек, боғ ва токзор қатор ораларидан самарали ва оқилона фойдаланишини таъминлашга доир мажбуриятлари белгиланмоқда. 

Бундан ташқари, лойиҳа билан Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясига сув объектларида сувнинг оқилона бошқарилиши, сувдан фойдаланиш, сув хўжалиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш чораларини кўриш ҳуқуқлари берилмоқда. 

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аграр соҳада аҳоли бандлигини, озиқ-овқат хавфсизлигини, нарх барқарорлигини таъминлашга ҳамда сув ресурсларидан самарали фойдаланишга хизмат қилади, — деди вазир ўринбосари. 

Муҳокамаларда сўз олган депутатлар бир қатор долзарб масалаларни ўртага ташлади. 

— Коллектор-дренаж ҳамда суғориш тармоқлари ҳар икки йилда техник тозалаб турилиши лозим, — деди депутат Ғайрат Сафаров. — Суғориш тармоқларига техник хизмат вақтида кўрсатилмаса, ундан чиқаётган сув ерларга ёмон таъсир кўрсатади. Коллектор-дренажларнинг атрофидаги ерларни ижарага олган фуқаролар эса коллекторнинг қирғоғигача экин экишни хоҳлайди, бу эса техник хизмат кўрсатилишига таъсир қилади. 

— Ҳужжатларда белгиланган тартибга кўра, чуқурлиги 2 метргача бўлган сув ҳавзаларининг муҳофаза чегараси 0,75 сантиметрдан 5 метргача бўлиши керак, — деди вазирлик мутасаддиси. — Зарурат бўлганда унинг атрофидан 0,75 см.дан ошмаган миқдорда фойдаланиш мумкин. Ҳар йили Сув хўжалиги вазирлиги таъмирланадиган сув объектлари рўйхатини тасдиқлайди. Бу ҳудудлар ижарага берилишидан олдин Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан қандай экинлар экиш мумкинлиги тавсия қилинади. 

Қизғин мунозара ва фикр-мулоҳазалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди. 

Муҳтарама Комилова, ЎзА