Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Колизей яқинида мозаикали қадимий уй топилди
14:43 / 2023-12-18

Италия археологлари машҳур Колизей яқинида чиғаноқ, мармар ва қимматбаҳо ойнадан иборат ғайри оддий мозаика билан безатилган Қадимги Рим даврига тегишли турар жойни топишди.

Хориж оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, Италия маданият вазири Геннаро Сангиулиано топилмани эрамиздан аввалги II асрнинг иккинчи ярмига оид ҳашаматли қароргоҳ, деб атади. Милоддан аввалги I аср охиридан мерос бу “ҳақиқий хазина”, мажмуа деворига туширилган мозаика алоҳида аҳамиятга эга экани таъкидланган.

Мўъжиза кўплаб қобиқлар, Миср кўк тессераси, қимматбаҳо шиша ва оқ мармар парчасидан иборат бўлиб, кельт услубидаги тридент, ҳарбий кема ва карнай тасвирини ҳам акс эттирган.

Aжойиб ҳолатда сақланган мозаикада учта улкан кема тўлқин узра қирғоқдаги шаҳар томон сузиб бораётгандек. Девор кичик минора ва портик билан безатилган. Aрхеологлар таъкидлашича, ғоя уй эгаси денгиз жангида ғалаба қозонгани, шу тариқа ўзи учун муҳим бу воқеани хотирасида абадийлаштириш истаги пайдо бўлганини англатади.

Эслатиб ўтамиз, мутахассислар илк бор 2018 йил бир неча деворни аниқлаган. Бугунги кунга қадар фақат баъзи хоналар қазилган, қазиш ишлари, кутилганидек, 2024 йилгача давом этади.

Масъуллар айтишича, ёз ойларида фойдаланилган базмгоҳ 2000 йилдан ошиқ тарихга эга уйнинг асосий хонасидир. Қароргоҳ эгаси зодагон бўлгани, эҳтимол, Сенатда ўрин эгаллагани тахмин қилиняпти.

Безатилган девор орасига ётқизилган қўрғошин қувури мезбон меҳмонларни “ажойиб сув ўйини” билан хушнуд қилишни яхши кўрганини билдиради.

Колизей археологик боғи раҳбари Aлфонсина Руссо ушбу тарихий марваридни оммага очиқлашга тайёрлигини маълум қилди.

Г.Сатторова, ЎзА