Юртимизда кузатилаётган иссиқ об-ҳаво, ҳамюртларимизнинг салқин ичимликларга, қуёш нуридан ҳимоя қиладиган турли хил кўзойнаклар ва енгил кийим-кечакларга эҳтиёжини оширмоқда.
Дўконлар, гўзаллик салонлари ва шунга ўхшаш жойлар пештоқини безаб турган, баъзи чет тилидаги сўзлар эндиликда 15 ёшдан, 35 ёшгача бўлган юртдошларимизнинг эгнидаги кийим-кечакларда акс этяпти.
Бундай кийимлар харид қилиш жараёнида ҳар ким ҳам улардаги ёзувларга эътибор қилавермайди. Муҳими, сифат ва қулайлик, деб ўйлашади.
Ачинарлиси эса харидорларнинг кўплари кийимларда акс этган сўзларнинг маъноларини билавермайди.

Мисол учун, "Becuricus“ – «Қизиқчи бўлинг», ”Far beyond superior“ – «Зўрдан зўр, "Be your sel“ – «Ўзингни қўлга ол, аҳмоқлик қилма», ”Wipe out“ – «Бузиб юбориш», ”I hope you much wonderfull ahining star“ – «Умид қиламанки, сиз жуда ажойиб юлдуз бўласиз», ”Cannabis“ – «Наша», ”Space“ – «Бўш жой», ”Wail fo“ – «Йиғла» ва ”Si Bo Broklyn“, ”Peageminusone“, ”AM ORA" каби ёзувлар жумлалар шулар жумласидандир.
Кузатувларимиз орқали бу каби сўзларни кўплаб учратишимиз мумкин. Аммо салбий маънолар «муҳрланган» кийимларни ҳам йўқ деб айтолмаймиз.
Энди савол туғилади: ёшлар орасида мана шундай ёзувли кийимларга эҳтиёж ҳақиқатдан ҳам юқорими? Аслида бу ёзувлар ўрнига ўз тилимизда эзгуликка ундовчи иборалар берилса, харидорлар қандай қабул қилишади?
Шу каби саволлар билан харидорлар орасидаги ёшларга мурожаат қилдик.
Гулижаҳон Абдурашидова: – Ҳа, албатта. Кўп кийимларимда шунақа. Фақат у кийим ёққанлиги сабаб ёзувига эътибор қилмай мажбур олганман.
– Нима учун бундай кийимларни харид қилгансиз?
Навбаҳор Абдусаматова: – Ёшлар боплиги учун. Ҳозир урф бўлди-ку бундай кийимлар.
– Шу сўзлар ўрнига ўзбекча ҳикматли сўзлар бўлганида, сотиб олармидингиз?
Азизхон Муродов: – Ўзбекчада яхши чиқармикан? Олардим, лекин ҳали унақасига дуч кемадим.
Тўғри, балки кийим ишлаб чиқариш фабрикаларида хориж сўзлари билан безалган кийимларни сотишдан фойда кўпроқ бўлар, деган тушунча бордир, аммо бу ерда миллий қадриятлар масаласини ҳам унутмаслигимиз лозим!
Шу ўринда айтиш жоизки, ички бозорларда сотилаётган маҳсулотлар сифатига аҳамият берганда, инсонларнинг нигоҳини бир қарашда ўзига жалб қиладиган ўзбек иборалари, мақол ва ғоялардан фойдалансак, миллий қадриятларимизни юқорига кўтарган, яна бир ислоҳотга қўл урган бўлар эдик.

Бу каби ҳолатларни кўча-кўйда, дўконларда сотилаётган бошқа кўплаб маҳсулотларда кўришимиз мумкин. Ҳатто футбол томоша қилмайдиган аёлларимиздан ҳам Месси, Роналдунинг кўринишини сўрасангиз, бинойидек тасвирлаб берадиганлари кўп. Бунинг сабаби турли маҳсулотларга сурати жойлаштирилган футболка, дафтар ёки сумкалар билан боғлиқ эмасмикан?
Худди шу вазиятда ўзимизнинг тарихий шахсларимизни кўпроқ намоён қилиб, уларнинг ўгитларини тарғиб қилсак, буюк тарихимизни ёшларга ифтихор қилиб кўрсатган бўлар эдик. Шундагина миллий ғурур масаласида чин маънода хизмат қилган бўламиз!
Диёра МИНГБОЕВА, талаба