Маълумки, Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат ёшлари билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Учрашувда ёшлар ўз фикр ва таклифларини бевосита давлат раҳбарига етказиш имконига эга бўлишди. Суҳбат давомида илгари сурилган муҳим ташаббуслардан бири – ҳар пайшанба куни вазирлик, идора ва ҳокимликларда “Ёшлар куни”ни ташкил этиш таклифи бўлди. Бу ташаббус ёшлар билан ишлашни тизимли ва доимий асосга ўтказишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Мазкур ғоя ижроси доирасида жойларда ҳам очиқ мулоқотлар йўлга қўйилди. Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев бошчилигида ўтказилаётган учрашувлар шулар жумласидандир. Пахтакор тумани Дўстлик маҳалласидаги 14-сонли мусиқа ва санъат мактабида ташкил этилган навбатдаги мулоқотда 200 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этишди.

Учрашувда бандлик, таълим сифати, спорт инфратузилмасини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш каби масалалар муҳокама қилинди. Ёшлар томонидан касб-ҳунарга ўқитишни кенгайтириш, стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларда иш ўринлари яратиш бўйича таклифлар билдирилди. Масъуллар томонидан мурожаатлар қайд этилиб, улар юзасидан амалий чоралар кўриш белгиланди.
Таъкидланганидек, ёшлар билан ишлашда энг муҳим омил – очиқ мулоқот ва натижадорликдир. “Ёшлар куни” доирасидаги учрашувлар ана шу мақсадга хизмат қилиши лозим. Энди ҳар бир мурожаат юзасидан аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ва ижроси таъминланиши зарур.

Жойларда ўтказилаётган бундай мулоқотлар ёшларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда. Бу эса ёш авлоднинг жамият ҳаётидаги иштирокини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Хулоса қилиб айтганда, Кўксаройда бошланган мулоқот ҳудудларда амалий давом этмоқда. Пайшанба кунлари ташкил этилаётган учрашувлар ёшлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишнинг доимий механизмига айланиб бормоқда.

А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари