Ҳар фаслнинг ўз ҳикмати бор. Аммо уларнинг ичида баҳор барибир ўзгача. Шу боис барчамиз кўкламни интиқ бўлиб кутамиз, диллардаги энг нозик туйғулар ҳам пўртана қилаверади. Қиш эса бу йил унга жой бергиси келмаётгандек гўё. Аммо ҳаётнинг, тирикликнинг қонунияти барибир ғолиб бўлади. Ўзбекистонга, жонажон ватанимизга баҳор кириб келди. Қуёш ҳам аста-секин заррин нурларини соча бошлайди, далаларда майсалар бош кўтармоқда.
Саксонга яқинлашаётган Кароматхон бувимнинг шодлигини бир кўрсангиз эди. Онам ёпган кўк сомсаларни кўзга суртади, сумалакдан татиб кўриб шукроналар айтади: “Кўкламга етказганингга шукур”.
Ҳа, бу тилакнинг моҳиятини ҳаммамиз тушунавермаймиз. Зеро, ҳаётнинг паст-баландини, аччиқ-чучугини тортган ёши улуғларимиз умрнинг, яшариш ва янгиланишнинг қадрини теран англайдилар. Баҳорда ана шу фалсафа мужассам. У тириклик бахш эта олади, умид бағишлайди.
Баҳорни ким ҳам соғинмайди дейсиз? У гўзаллик, орзу-умидлар фасли. Атрофга бир боқинг. Борлиқ уйғонмоқда. Яшариш, янгиланиш фасли эшик қоқмоқда. Ҳадемай бўртиб қолган куртаклар кўз очади. Тилла тангалардек ҳар ёнга сочилган момақаймоқлар, ариқ лабларида бўй етган мастона ялпизлар ифори, шўх шабаданинг майин шивирлари дилни энтиктиради. Мусаффо осмон бағрида қалдирғочлар чарх уриб қанот қоқади. У биз кутган, кўнгилларга шодумонлик, қалбларга сурур бағишловчи ардоқли байрамимиз Наврўздан дарак олиб келади. Зеро баҳор байрамлари билан янада ардоқли.
Қишлоқларда, маҳаллаларда ўтказилаётган сумалак сайилларида кайвони момолар Яратгандан элу юртга омонлик, тўкинлик, қут-барака сўрамоқда. Ёш-яланг сумалак ковлаб, қўшиқ айтишмоқда:
Лола гул алвон-алвон,
Сумалак берар дармон.
Сумалак етмай қолган
Бир умр қилар армон.
Янги Ўзбекистонинг баҳори миллионлаб дилларга ўз шукуҳини, тароватини улашмоқда. Улкан мақсадларни кўзлаётган ҳар бир юртдошимиз юрт равнақи учун ўз ҳиссасини қўшишга интилмоқда. Байрамларга пешвоз чиқиб, энг эзгу тилакларини изҳор этишяпти.
Дарҳақиқат, Наврўз табиатни янгилайди, гўзал қилади. Унинг удумлари эса инсон руҳиятини-да янгилайди, янги куч, шиддат, ғайрат бахш этади. Бу шунчаки гап эмас. Чунки байрам ҳеч кимни четлаб ўтмайди. Кўнглига қувонч солади, ҳаётга боғлайди. У бу кунларни сева-сева ўзи ҳам катта муҳаббатнинг бир қисмига айланади. Обод ва фаровон ҳаёт сари дадил интилаётган юртдошларимизнинг қалби оппоқ орзуларга тўлади. Зеро, Баҳор ва Наврўз ҳаёт абадийлигининг тантанасидир.
Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА мухбири