Юртимиз бўйлаб "Обод ва файзли маҳалла — юрт кўрки" шиори остида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш умумхалқ хайрия ҳашари бўлиб ўтмоқда.
Хусусан, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтининг ходим ва тингловчилари ҳам Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Бўстонлиқ туманлари ҳамда Олмалиқ шаҳри, шунингдек, пойтахтимизнинг Бектемир тумани Мажнунтол, Бектемир, Миришкор ва Зилола маҳаллаларидаги ҳашарда фаол иштирок этмоқда.

Жумладан, институтнинг Олмалиқ ўқув базасида таълим олаётган Касбий тайёргарлик факультети тингловчилари Олмалиқ шаҳридаги янги қурилаётган жоме масжиди ва “Чамбил ота” МФЙ ҳудудида жойлашган қабристонда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини олиб борди.

Ҳашар давомида ҳудудлардаги йўлаклар саранжом-саришта ҳолатга келтирилиб, манзарали дарахт ва гул кўчатлари экилди. Дарахтлар оқланиб, уларга шакл берилди. Ариқлар тозаланиб, чиқиндилар олиб чиқилди.
ИИВ Ўқув-дала маркази, институт ва унинг Олмалиқ шаҳар ўқув базаси ходимлари ва тингловчилари томонидан жойларда атроф муҳитни тоза сақлаш ва баҳор мавсумидаги ободонлаштириш ишлари давом эттирилмоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА