Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОIСА)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси 1995 йилдан буён икки давлат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва эътиборга молик соҳаларда техник ҳамкорлик ва алмашинувни рағбатлантириш мақсадида фаолият олиб боради.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Корея Республикалари ўртасида олий даражадаги мулоқот сезиларли даражада фаоллашиши, табиийки, КОIСАнинг мамлакатимиздаги саъй-ҳаракатлари янада жадаллашишига ҳам бевосита таъсир кўрсатди. Эндиликда тузилма мунтазам равишда иш жараёнига кўнгиллилар (волонтёрлар)ни йўналтириб келмоқда. Афсуски, 2020 йил март ойидан бошлаб бутун дунё бўйлаб тарқалган коронавирус Ўзбекистонга ҳам кириб келди. Пандемия сабаб барча волонтёрлар фаолияти вақтинча тўхтатилиб, КОIСА кўнгиллилари Кореяга қайтариб юборилди. Шунга қарамай, агентлик пандемия даврида ҳам волонтёрлик дастурининг янгича шаклдаги лойиҳаларини жорий этиш орқали ҳамкорлар билан алоқани узлуксиз равишда ривожлантириш йўлида ҳаракат қилиб келмоқда.
КОIСА томонидан СОVID-19 пандемиясига жавоб чораси дастури доирасида тақдим этилган шундай янги лойиҳалардан бири ёрдамга муҳтож болалар учун мўлжалланган расм-безакли эртак китоблари жамланмасидир. КОIСА волонтёрлари ва Кореяда яшовчи турли халқ вакиллари ҳамкорлигида яратилган мазкур ажойиб ўқув қўлланмаси мамлакатимиздаги Меҳрибонлик уйлари, Болалар шаҳарчаси ва Махсус мактаблар болаларига совға тариқасида тарқатила бошланди.
Ушбу эзгу ниятни амалга ошириш жараёнида турли мамлакатлар вакилларидан иборат кўнгиллилар билан биргаликда “Мовий қуш сиз томон учиб келди” лойиҳаси доирасида "Она мамлакат эртаклари" ҳикоялар тўпламига киритилган 15 та эртак яратилди. Тўплам мўғул, ўзбек, қирғиз, бирма, вьетнам, эрон, корейс ва инглиз тилларида ёзилган анъанавий 11 эртакни жамлаган. Корея Халқаро ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси шу эртаклардан 8 тасини танлаб олди ва ўзбек, рус тилларига таржима қилди. Ушбу китоблар Мактабгача таълим ва Халқ таълими вазирлигига қарашли 86 махсус мактаб, 17 болалар боғчасига ҳадя қилинади.
Китобларнинг илк жамланмаси Тошкент шаҳри Халқ таълими бошқармасига қарашли 21-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига тақдим этилди. Тўпламда турли хил миллатлар эртаклари ўзбек, корейс ва рус тилларида берилган. Қувонарлиси, ҳар бир китоб ичида қайси миллат ёки халқ эртаги бўлса, ўша давлат ҳақида батафсил ахборот, яъни байроғи, аҳолиси, географик жойлашуви ва бошқа турли энг зарур маълумотлар қўшимча қилинган. Демак, ўғил-қизлар нафақат бирор миллат эртагини ўқийди, балки ўша мамлакат, халқ ҳақида ҳам анчагина тасаввур ҳосил қилади.
- Ҳеч кимга сир эмас, бугунги кунда ахборот технологиялари, телефон, интернет катталар билан бирга болаларимиз ҳаётига ҳам чуқур кириб келяпти, - дейди 21-Меҳрибонлик уйи директори Умида Маманова. - Бу жараёнда фарзандларимизнинг китоб билан дўстлашишини тарғиб қилиш муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода ушбу лойиҳа жуда қадрли, деб ўйлайман. Сабаби, бу китоблар турфа суратлар, безаклар билан бойитилган. Ўқилиши ҳам енгил, яъни болалар тилида ёзилган. Қолаверса, эртакларнинг бир неча тилда берилиши кичкинтойларимиз муайян хорижий тилни ўзлаштиришларига ҳам яхшигина кўмаклашади.
Ушбу тўплам тез орада Миллий болалар тиббиёт маркази, корейс тили ўрганиладиган ва КОIСА кўнгиллилари ишлайдиган ўқув муассасалари ҳамда Тошкентдаги Корея муассасаларига ҳам топширилади.
Бундан ташқари, "Она мамлакат эртаклари" тўпламидан танлаб олинган ўзбек тилидаги бир ҳикоя видео шаклида, сурдо таржимаси билан тайёрланиши режалаштирилган. Кейинчалик бу видео маҳсулот имконияти чекланган болалар ва ёшлар учун махсус муассасаларга тарқатилади.
Ҳозир корейс тилидаги барча тўпламлар КОIСА ОDА кутубхонаси веб-сайтида ва SNS World Friеnds Коrеа канали (YouТubе: https://www.youtube.com/WFKvideo, блог: https://blog.naver.com/wfk2012)да мавжуд. Яқин келажакда бу тўпламлар КОIСАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Facebook саҳифасида ҳам (https://www.facebook.com/koica.uzbek) жойлаштирилади.
Дарвоқе, 1 апрель куни Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОIСА) ташкил этилганига роппа-роса 30 йил тўлди. 2 апрель куни эса бутун дунёда “Халқаро болалар китоб куни” кенг нишонланди. Ўзбекистонлик болажонларга айнан шу икки сана муносабати билан китоблар топширилишида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор, албатта.
Ғайрат ХОННАЗАРОВ,
ЎзА мухбири