Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
KOICA ташаббуси билан яратилаётган имкониятлар амалда
23:23 / 2021-06-24

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) узоқ йиллик ҳамкорликка эга, ушбу ҳамкорлик 1995 йилда “Ўзбек-Корейс дўстлик клиникасини барпо этиш лойиҳаси” орқали бошланган.

KOICA нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вазирлик билан биргаликда тиббиёт соҳасига тегишли қатор ислоҳотларни амалга ошириб келмоқда.

Масалан, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ташаббуси билан бугун Сеул Миллий университети профессори Ким До Кьюн бошчилигидаги шифокорлар делегацияси Тошкентдаги болалар миллий тиббиёт марказига етиб келди.

Ушбу ташрифдан асосий мақсад KOICA инновацион ўқув марказида замонавий тиббий симуляция ускуналарини ишлатиш бўйича тренинглар ўтказиш, лапароскопия, юрак-ўпка реанимацияси, ҳамшираларни симуляция қилиш бўйича ўқув дастурлари ҳамда марказда шифокорларни доимий малакасини ошириш бўйича замонавий клиник кўникмалар, болалар жарроҳлиги амалиёти ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишдан иборат.

– Биз касалхонадаги реанимация бўлими ходимларини CPR, яъни юрак-ўпка-юрак реанимацияси бўйича малакаларини ошириш учун турли тренинглар ўтказамиз. Мазкур лойиҳанинг Америка ва Европада ўтказиладиган дастурлари бор. Ўзбекистонда ҳам айнан ушбу дастур доирасида машғулотлар олиб борилади. 

Ҳозиргача, бошқа мамлакатларда тренинглар ўтказганимиз йўқ, биринчи Ўзбекистонда бошланди. Тиббиёт ходимларига юрак-ўпка-юрак реанимациясини амалга оширишни ўргатиш устувор вазифамиз ҳисобланади, – деди Сеул Миллий университети шошилинч тиббий ёрдам кафедраси профессори Ким До Кьюн.

Ташриф чоғида кореялик мутахассислар ўзбекистонлик шифокорлар билан биргаликда 5 та мураккаб жарроҳлик операцияни ўтказади.

Жорий йил 1 июлда эса Сеул Миллий университети томонидан болалар ва кўкрак қафаси жарроҳлиги кафедраси профессори Ким Вунг Хан бошчилигидаги 18 нафар тиббий мутахассислардан иборат иккинчи делегация юборилиши режалаштирилган.

Улар болалар кўкрак қафаси жарроҳлиги, юрак етишмовчилиги соҳасидаги ҳаракатлар, болалар анестезияси, интенсив терапия ва нефрология билан боғлиқ амалий машғулотлар ўтказади.

Эслатиб ўтамиз, болалар миллий тиббиёт маркази 2020 йил октябрь ойида Тошкентда Корея Иқтисодий Ривожланиш ва Ҳамкорлик Жамғармаси кўмагида очилган.

Симуляция ва инновацион ўқув маркази 2020 йил декабрда ишга туширилган эди, аммо COVID-19 пандемияси туфайли чет эллик мутахассисларни марказга тўғридан-тўғри йўналтириш вақтинча тўхтатилиб, мазкур таълим дастурлари онлайн режимида амалга оширилиб келаётган эди.

Марказда оғир касал болалар сони кўпайгани сабабли, тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш зарурати туғилди. Шу пайтгача болалар кардиологияси каби асосий бўлимларда беморлар даволанмаган.

Шу боис, Сеул Миллий университети касалхонаси билан шифохона ўртасида яқин маслаҳатлашув бўлди ва тиббиёт ходимларини 2021 йил давомида учта ўқув дастури бўйича соҳага йўналтириш лойиҳаси ишлаб чиқилди.

– Симуляцион марказда тўрт йўналишда, жумладан, лапороскопия, ўпка-юрак реанимацияси, нафас олиш йўллари ва ҳамширалик иши бўйича тиббиёт ходимларига тренинглар ўтказилади,– дея таъкидлади KOICA симуляция марказининг раҳбари Профессор Янг Се Вон.

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида қуйидаги лойиҳалар амалга оширилмоқда:

– 2018-2023 йиллар давомида болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ходимларининг малакасини ошириш бўйича 7 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилмоқда;

– KOICA ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ўртасида 2020 йил 16 июлда имзоланган ўзаро англашув меморандумига мувофиқ, ҳозирги кунда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик фаровонлик ва соғлиқни сақлаш хизмати, Вирусология илмий-тадқиқот институти, Болалар миллий тиббиёт маркази ва бошқа тегишли муассасалар билан бюджети 5,0 миллион долларлик Ўзбекистонда Коронавирус оқибатларига қарши курашишга қаратилган дастурни амалга оширмоқда.

– 2022 йилдан Тошкент Педиатрия Тиббиёт Институти учун таълим ва тадқиқот имкониятларини кенгайтириш лойиҳаси учун 5 миллион доллар ажратилади;

Эътироф этиш лозим, қатор ташкилотлар, жумладан, Санитария-эпидемиологик фаровонлик ва соғлиқни сақлаш хизмати, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги Касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ва Вирусология илмий-тадқиқот институти KOICA билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирмоқда.

Беҳруз Худойбердиев, ЎзА