Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
КОICА танловида ғолиб бўлган ўқитувчи ва талабалар тақдирланди
18:36 / 2025-10-28

Самарқанд вилоят касбий кўникмалар минтақавий марказида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОICА)нинг PPP лойиҳаси доирасида юртимиздаги KOICA касб-ҳунар таълими марказлари ўқитувчи ва талабалари салоҳиятини оширишга қаратилган танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

Унда KOICAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Шин Мюнг Сеоп, Самарқанд вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси, Кореянинг Keimyung Culture университети профессор-ўқитувчилари ҳамда юртимизда KOICA билан ҳамкорликда ташкил этилган касб-ҳунар марказлари раҳбарлари иштирок этди.

Уч йил аввал KOICA ва Кореянинг "Keimyung Culture" университети ҳамкорлигида ташкил этилган “VETIC+” – Касб-ҳунар таълимини инновацион ривожлантириш маркази KOICA ўқув марказларида фаолият юритаётган ўқитувчилар ва талабалар салоҳиятини замонавий технологиялар асосида оширишга хизмат қилмоқда. Самарқанд касб-ҳунар ўқув маркази эса бу борада етакчи база сифатида рақамли таълим тизимини ривожлантиришни ўз олдига мақсад қилган. Бу ерда нафақат маҳаллий ўқитувчилар, балки кореялик мутахассислар иштирокида инновацион дарс услублари, рақамли тренинглар ва амалий машғулотлар йўлга қўйилган.

[gallery-25960]

– KOICAнинг PPP лойиҳаси доирасида университетимиз олти йилдан буён Самарқанд касб-ҳунар марказининг таълим салоҳиятини ошириш, ўқув муҳитини яхшилаш ва замонавий жиҳозлар билан таъминлаш ишларини амалга ошириб келмоқда, – дейди лойиҳа раҳбари, Кореянинг "Keimyung Culture" университети профессори Ли Санг Сеог. — Мазкур лойиҳа доирасида ўқитувчи ва талабалар салоҳиятини оширишга қаратилган танловда 24 нафар ўқитувчи ва 15 нафар талаба IT, дизайнерлик, машинасозлик ҳамда замонавий таълим технологияларидан фойдаланиш йўналишлари бўйича баҳслашди. Бу каби танловлар орқали биз ўқитувчи ва талабаларни халқаро тажрибалар асосида янгича фикрлашга, билим ва кўникмаларини оширишга кўмаклашяпмиз. 

Танлов натижасига кўра, Самарқанд ўқув маркази ўқитувчиси Абдулқодир Ҳомидов ва шу марказ талабаси Мансур Султонов гран-при совринини қўлга киритди. Ғолиблар ва фахрли ўринларни қўлга киритган совриндорлар пул мукофотлари, сертификатлар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбир давомида ўқитувчи ва талабалар ўзларининг стартап лойиҳалари тақдимотини ўтказди. Шунингдек, “1+2” дастури битирувчиларига диплом топширилиб, Кореянинг "Keimyung Culture" университети ва Шаҳрисабз KOICA маркази ўртасида “1+2” дастури бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари