French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
KOICA кимё саноати соҳасини қўллаб-қувватлашга тайёр
22:21 / 2022-06-25

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ўртасида “Ўзбекистонда кимё технология маркази салоҳиятини ошириш лойиҳаси” бўйича Муҳокамалар баённомасини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Парк Сунжин бошчилигидаги KOICAнинг мамлакатимиздаги вакиллари, “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигидаги жамият вакиллари иштирок этди.

Лойиҳа мақсади – Ўзбекистон кимё саноатининг миллий рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш, соҳада ихтисослаштирилган илмий-тадқиқот институти сифатида ташкил этиладиган Ўзбекистон кимё технология марказининг (ЎзКТМ) фаолият юритадиган инфратузилмасини жорий этиш ҳамда кимё соҳасида юқори даражадаги кадрлар салоҳиятини ривожлантириш.

[gallery-7729]

Қиймати етти миллион долларга тенг бўлган мазкур лойиҳани 2021-2027 йилларда амалга ошириш режалаштирилган. Дастур компонентларида ЎзКТМнинг Бош режасини шакллантириш, соҳа учун илғор кадрлар етиштириш, саноатдаги қўшма тадқиқот ишланмаларини (Р&Д) режалаштириш ва амалга ошириш каби  йўналишлар белгилаб олинган.

Мулоқот чоғида “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси Жўрабек Мирзамаҳмудов лойиҳани молиялаштираётган Корея Республикаси ҳукумати, KOICA вакилларига миннатдорлик билдирди.

Корхона раҳбари мазкур келишув доирасида Ўзбекистон кимё саноати янада ривожланиши, кадрлар салоҳиятини ошириш дастури орқали маҳаллий мутахассислар соҳада муносиб ўрин эгаллашига ишонч билдирди.

KOICAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Парк Сунжин ўз нутқида жамият вакилларига ҳамкорлик истиқболига оид шартнома имзоланаётганидан мамнун эканини таъкидлади.

Режадаги лойиҳа Кореянинг илғор тажрибасига асослангани юртимиз кимё саноатини янги босқич ва жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқиши эътироф этилди.

Парк хоним агентлик келгусида ҳам соҳани қўллаб-қувватлашини, янги лойиҳалар изчил давом этишини айтди.

Б.Худойбердиев,
О.Пардаев (сурат),
ЎзА