Кўҳна ва мафтункор Хива
БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) Бош директори Одри Азуле 16 ноябрь куни Хоразмга ташриф буюрди.
Юқори мартабали меҳмон Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов ҳамроҳлигида “Ичонқалъа” музей-қўриқхонаси ва “Нуриллабой” мажмуасидаги тарихий ёдгорликлар билан танишди.

Маълумки, очиқ осмон остидаги музей деб ном олган “Ичонқалъа” мажмуаси ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Одри Азуле ташриф давомида қадимий шаҳардаги Қўҳна Арк саройи, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, Жума масжиди, Тошҳовли мажмуаларини томоша қилди.

Минг йиллик тарихий обидалар, халқ ҳунармандчилиги намуналари, миллий таомлар ва Хоразмнинг ўйноқи куй-қўшиқлари меҳмонда катта таассурот қолдирди.
Аҳмаджон ШОКИРОВ,
ЎзА мухбири