Наврўз байрами кунлари белгиланган чегирмалардан фойдаланиб 200 минг нафардан ортиқ сайёҳ кўҳна ва боқий Бухорога ташриф буюрди.
— Бунда, маҳаллий сайёҳлар сони 180 минг нафарни, хорижий сайёҳлар сони 40 минг нафарни ташкил этди, – дейди вилоят Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бўлим бошлиғи Бобир Тўхсанов. – Бугунги кунда вилоятдаги жойлаштириш воситаларидаги номерлар фондининг бандлик даражаси 100 фоизга етказилиб, хизматлар соҳасида туризмнинг улуши кескин ошди. Айтиш жоизки, Бухородаги жойлаштириш воситалари бир кунга 13 минг нафардан ортиқ меҳмонни қабул қилиш имкониятига эга. Йилдан-йилга ташриф буюрувчи сайёҳлар сони ошиб бориши эвазига янги ва замонавий меҳмонхоналарга талаб ҳам ортмоқда. 2023 йил 1 январидан бугунги кунга қадар вилоятга 761,1 минг нафар сайёҳ ташриф буюрди. Бунда, ташриф буюрган маҳаллий сайёҳлар 631,7 минг нафарни ташкил қилиб, вилоятлар ўртасида таҳлил қилинганда Самарқанд 72,4 минг нафар, Фарғона 65,9 минг нафар, Қашқадарё 64,5 минг нафар, Наманган 54,7 минг нафар, Тошкент шаҳри 52,2 минг нафар сайёҳ билан етакчилик қилмоқда.
[gallery-11115]
Дунёнинг 101 давлатидан 129,4 минг нафар хорижий сайёҳлар Бухорога саёҳат қилди. Энг кўп ташриф Россиядан 30,4 минг нафар, Қозоғистондан 4,9 минг нафар, Туркманистондан 2,7 минг нафар, Тожикистондан 2,5 минг нафар ва Туркиядан 2,3 минг нафарни ташкил этди.
2023 йил май-июнь ойларида “II халқаро Мақом фестивали” ва ХХ анъанавий “Ипак ва зираворлар” фестивали ўтказилади. Ўз навбатида сайёҳларга зарур хизматларни кўрсатиш мақсадида 13 минг 179 ўринли 489 катта-кичик меҳмонхоналар, 390 та гид-экскурсоводлар, 288 туристик транспорт воситалари, 108 ресторан шай ҳолатга келтирилган.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА