Сайёҳлик индустрияси йўналишида Бухоро вилоятида жуда катта имконият ва салоҳият мавжуд. Биргина “Бухорои шариф” номининг ўзи қолаверса, аждодларимиздан қолган мингдан ортиқ тарихий обидалар бутун дунё зиёратчилари, саёҳатчилари эътирофини қозонган, десак муболаға бўлмайди.
Бухоро вилоятида туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, вилоятга келувчи хорижий сайёҳлар оқимини ошириш, улар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида туристик маршрутлар сонини кўпайтириш, янги меҳмонхоналар ташкил этиш, сервис хизматларини ривожлантириш доимий эътиборда. Жорий йил январь-ноябрь ойлари давомида Бухоро шаҳрида жами 34 та оилавий меҳмон уйлари, 24 та хостеллар, 21 та янги меҳмонхона ва 1 та мотель ишга туширилди. Шаҳардаги жами жойлаштириш воситалари сони 407 тани ташкил этмоқда. Бу кўрсатгич ўтган 2021 йилга нисбатан 14,3 фоизга ошган.
Mercure Hotel меҳмонхонаси 12-16 аср архитектурасини ўзида акс эттирганлиги билан аҳамиятлидир. Меҳмонхона дизайнида ганчкорлик, наққошлик, ўймакорлик намуналаридан самарали фойдаланилган. 220 ўринга мўлжалланган меҳмонхона тўрт юлдузли ҳисобланади. Шаҳарнинг Самарқанд кўчасида жойлашган меҳмонхона лойиҳасининг қиймати 3,5 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Яна бир янги меҳмонхона афғонистонлик инвесторлар томонидан барпо этилган. 1,8 миллион АҚШ доллари сарфланган шинам, кўркам ва барча қулайликларга эга “уч юлдузли” меҳмонхона 2022 йил октябрь ойидан бошлаб меҳмонларни қабул қилмоқда.
[gallery-10123]
– Бухоро шаҳрига сайёҳлар оқими йилдан йилга ошиб бораётгани қувонарли ҳол албатта, – дейди Бухоро шаҳар ҳокимлиги бошқарув аппарати бош мутахассиси Валижон Жўрақулов. – 2021 йилда Бухоро шаҳрига ташриф буюрган хорижий сайёҳлар сони 30 минг 800 нафарни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг 11 ойи мобайнида бу кўрсатгич 550 мингга етди. Бухорога ташриф буюрган маҳаллий сайёҳлар сони эса 2021 йилда 1 миллион 405 минг, 2022 йилда 2 миллион 700 мингдан ортиқни ташкил этди.
Ўтган даврда инфратузилма объектларининг ишга тушиши ва соҳага алоқадор ўзини-ўзи банд қилганлар ҳисобига туризм ва унга йўлдош хизмат кўрсатиш, маданият ва кинематография соҳаларида 2022 йилда 5651 та янги иш ўрни яратилди. Аҳоли бандлиги бўйича кўрсатгичлар 2021 йилга нисбатан 31,1 фоизга кўтарилди.
Туризм тармоқлари ҳамда жойлаштириш воситаларида хизмат турларининг яққол ортиши ва сервис салоҳиятининг юксалганини кузатиш мумкин. Жорий кунга қадар хорижий ва маҳаллий сайёҳларга доимий хизмат кўрсатадиган ресторанларнинг сони 81 тани ташкил этади. Хизматлар соҳаси, айниқса мавжуд биноларнинг том қисмида терассалар фаолиятини йўлга қўйиш орқали хизматлар сифати ва ҳажми кенгайтирилди. Мазкур йўналиш бўйича Бухоро шаҳрида 2021-2022 йилларда ҳудудий инвестиция дастурлари ҳамда ташаббускор тадбиркорлар томонидан бино ва иншоотлар том қисмида 50 та терасса ташкил этилиб бир вақтнинг ўзида 2 минг 788 нафар мижозга хизмат кўрсатиш имконияти яратилди. Таҳлилларга кўра, сайёҳларнинг Бухоро шаҳрида қолиши ўртача муддати 3,5-4 кунни ташкил этмоқда. Уларнинг кунлик харажати эса хорижлик меҳмонларда 250 АҚШ долларни, маҳаллий сайёҳларда ўртача 350 минг сўмни ташкил этади.
Туризм маршрутларини кўпайтириш орқали эса меҳмонларнинг шаҳарда қолиш муддатини узайтириш чоралари кўрилмоқда. Бунинг учун эса бўш турган маданий мерос объектларидан оқилона фойдаланиш режаси ишлаб чиқилди. Жорий йилда туристик маршрутга киритилган маданий мерос объектлари сони яна 10 тага ортди. Шулардан бири кўп йиллар давомида самарасиз фойдаланилган Модарихон мадрасаси ҳисобланади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/75zBiaYsHzo" title="Кўҳна ва боқий Бухоро сайёҳларни мафтун этаверади" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>Мазкур мадраса “Ишга марҳамат” мономарказига ҳунармандчилик маркази ташкил этиш учун ”ноль” қийматда ижарага берилди. 56 та ҳужраси бўлган бу тарихий иншоотда эндиликда 20 нафар уста ҳунармандлар фаолияти йўлга қуйилди. Ҳар бир ҳунарманд бугунги кунда 10 нафаргача ёшларга турли ҳунар сирларини ўргатмокда. Бундан ташқари, туристик мавсум давомида хорижий сайёҳлар учун ёш мақомчилар ансамблининг концерт дастурлари ташкил этиш йўлга қўйилди.
2022 йил давомида туризм йўналишида бир қатор маданий-кўнгилочар тадбир, форум ва фестивалларнинг ташкил этилиши ҳам Бухоро шаҳрига сайёҳлар оқимининг ошишига хизмат қилди. Давлат раҳбари ташаббуси билан 21-25 май кунлари Бухоро шаҳрида 58 та давлатдан ташриф буюрган хорижий ва маҳаллий ҳунармандлар иштирокида “Халқаро зардўзлик ва заргарлик” Каштадўзлик санъати халқаро фестиваллари ўтказилди. Фестиваль доирасида Бутунжаҳон Ҳунармандчилик Кенгаши томонидан Бухоро шаҳрига “Бутун жаҳон ҳунармандлар шаҳри” мақоми берилди. Ал-манар араб тили ва хаттотлик марказининг ташкил этилганлиги эса дунёнинг 20 га яқин мамлакатидан Ислом олами уламоларини Бухорода жам қилди.
Бухоронинг сайёҳлик салоҳиятини яна оширишга хизмат қилаётган яна бир йўналиш бу қадимий ҳунармандчилик намуналарининг қайта тикланаётганлигидир. Бунга Уста Даврон Тошев миниатюра маркази фаолияти яққол мисол бўлади. Таниқли миниатюрачи рассом Даврон Тошев томонидан бугунги кунда қадимий технология асосида яъни қўлбосма услубида Бухоро ипак қоғози тайёрлаш йўлга қўйилган. Шу билан бирга Бухоронинг қадимий миниатюра намуналаридан нусха олинган ноёб санъат асарлари яратилмоқда. Даврон Тошев Франция, Америка, Швецария, Италия ва ва бир қатор МДҲ давлатларида ўзининг шахсий кўргазмаларини намойиш этиб келмоқда.
Бухоро нафақат тарихий ёдгорликлари, меъморий обидалари билан балки ана шундай ҳунармандчилик намуналари билан ҳам дунё халқларини ўзига чорламоқда. Буларнинг барчаси Бухорода туризм соҳасида амалга оширилаётган ишларнинг бир қисмигина холос. Кўҳна ва боқий Бухорода хорижий ва маҳаллий меҳмонлар учун кўрсатиладиган хизматлар сифатини янада яхшилаш, қулайликлар яратиш, сайёҳлар оқимини ошириш борасида тизимли ишлар давом этмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат, видео), ЎзА