Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кўҳна маданиятимиз ўзбек тили таъсирида шаклланган
12:00 / 2021-10-21

"Бизнинг ёшлар албатта бошқа тилни билиш учун саъй ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат — ватаний ишдир".

Исъҳоқхон Ибрат : 

Инсон дунёга келибдики, қулоғи остида жаранглайдиган илк сўзлар она тилида янграйди. Мусофирчиликда она тилида гаплашадиган инсонни учратиб қолган ҳар қандай киши қувончдан у томонга талпинади. Халқимизнинг неча асрлик бой тарихи, кўҳна ва серқирра маданияти ўзбек тили таъсирида шаклланган.

Дарвоқе, бугунги кунда дунёда тахминан 6 мингга яқин тил ва шева бўлса, улардан бор-йўғи 2 юзга яқини давлат тили мақомига эга. 1400 та тилнинг йўқолиб кетиш хавфи борлигини эътиборга олсак, давлат тили мақомини олган тиллар орасида она тилимизнинг борлиги бизга ғурур бағишлайди.

Улуғ шоиримиз Aлишер Навоий тилимизнинг нақадар гўзаллигини ҳам илмий, ҳам бадиий жиҳатдан моҳирлик билан очиб берган. Унинг туркий тильда ёзган асарлари ўз даврида давлат мақомини олган тиллардан ҳар жиҳатдан устун бўлса борки, аммо кам эмаслигини исботлаб берган.  

1989 йил 21 октябрь. Ҳали собиқ тузум мавжуд бўлган бир пайтда «Давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши ва ўзбек тилининг Давлат тили сифатида эътироф этилиши ўзлигимизни англаш йўлидаги муҳим қадам бўлди, яъни Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўзбек тилининг Давлат тили сифатидаги ҳуқуқий мақоми аниқ белгилаб берилди. Ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси, Конституцияси қаторида қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсолларидан бирига айланди.

Янгиланаётган Ўзбекистоннинг бугунги босқичи — миллий юксалиш даври талабларидан келиб чиқиб, бугунги кунда она тилимизнинг нуфузини янада ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.      Давлатимиз Раҳбарининг 2019 йил 4 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида» Қарори бу йўлдаги яна бир муҳим қадам бўлди. Жумладан, ўзбек тилини Давлат тили сифатида мақомини янада ошириш учун давлат ҳужжатларини ўзбек тилида юритилаётгани, 2020 йил 23 сентябрда Президентимизнинг БМТ Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлагани, олий таълим муассасаларига ўқишга кириш имтиҳонларида ўзбек тили фани муҳим даражага кўтарилгани, «Ўзбек тили тараққиёти ва халқаро ҳамкорлик масалалари»да халқаро, «Ўзбек тилшунослигининг долзарб масалалари» мавзусида эса республика миқёсида илмий-амалий конференциялар ўтказиш анъанага айланди. Адабий тилимизнинг асосчиси буюк мутафаккир шоиримиз Алишер Навоийга эҳтиром  сифатида Ўзбек тили байрами арафасида Тошкентдаги Миллий боғ ҳамда вилоят ва шаҳарлардаги ҳайкаллари пойига гул қўйиш маросимилар уюштирилади. Мамлакатимизнинг хориждаги элчихона ва дипломатик ваколатхоналарида «Ўзбек тилининг дўстлари» клуби тузилиб, байрам тадбирлари ўтказила бошланди. Барча таълим  муассасаларида,атоқли аллома ва адибларимиз номлари билан аталган ижод мактабларида ўқувчиларни она тилимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил қилинади.Умумтаълим мактабларида иншолар танловини юқори савияда ўтказила бошланди, театр ва кинотеатр, маданият саройларида буюк алломаларимиз ҳақидаги спектакллар, бадиий ва ҳужжатли фильмлар намойишини мунтазам йўлга қўйилди.

Бундай ютуқларни яна кўплаб келтириш мумкин. Тўғри,ўзбек тилига нисбатан Давлат мақоми берилганига қарамай, мазкур соҳада камчиликларимиз ва муаммоларимиз ҳам йўқ эмас. Ёзувда имло қоидаларига тўла амал қилмаслик, сўзлашувда турли тилларга оид сўзлар ва атамаларнинг қоришиб кетиши, телевидение ва радиода сўз ва ибораларни нотўғри, ўринсиз ишлатиш, талаффуздаги нуқсонлар каби камчилик ва хатоларимиз  тинимсиз танқид қилинаётганига қарамай, бу нуқсонлар, таассуфки, барҳам топаётгани йўқ. эндиликда биз мавжуд хато ва камчиликларимизни санаб ўтиришдан кўра, уларга барҳам бериш учун истеъмолимизда фаоллашиб кетган хатоларимизни тузатишимиз, давлат тилимизни она тилимиз эканлигини чуқур ҳис этган ҳолда она ватанимиз, муқаддас заминимиз каби ардоқлашни ўрганишимиз, камситилишига бефарқ қарамаслигимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Тил байрами арафасида айтиладиган мавсумий гаплар она тилимизнинг тараққиётига ҳисса қўшолмайди. Динимиз, тилимиздан қатъи назар, Давлат тили тараққиётига қўшадиган ҳиссамиз мамлакатимиз шарафини юксалтиришга хизмат қилишини унутмаслигимиз лозим. Зеро, тил яшаса, миллат яшайди, тили улуғланган элни дунё халқлари эътироф этади.    

 

 

Мафтуна Мелиева,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Таълим муассасалари билан ишлаш бўлими

биринчи тоифали мутахассис