Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кўҳна кент яшилликка бурканади
11:54 / 2023-02-15

ФОТОРЕПОРТАЖ

Совуқ заҳри қайтиб, бутун борлиқда илиқлик ҳукм сура бошлаши билан жойларда ободончилик ишлари авжига чиқади. Ариқ ва зовурларни тозалаш, ерга уруғ қадаш, гул, дарахт экиш юмушлари қизғин паллага киради. Айни пайтда барча мавсум зарур бўлган асбоб-ускуналар, иш қуроллари, уруғ, кўчатларини ғамлаш билан банд. Самарқанд шаҳри ободлиги, тозалиги учун масъул бўлган ободонлаштириш бошқармаси ишчи-хизматчилари ҳам мавсум давомида амалга ошириладиган ишларга пухта ҳозирлик кўрмоқда. Бошқарма тасарруфидаги иссиқхона хўжалигида баҳорги мавсумда экиш учун 1 миллион тупдан ортиқ гул парваришланмоқда.

- Аслида бошқармада гул экиш ишлари қишин-ёзин тинмайди, - дейди бошқарма бош агрономи Абдулатиф Баҳодиров. – Бугунги кунгача ҳам совуққа чидамли виола, қировгул каби гулларни Самарқанд шаҳрининг марказий кўчалари, хиёбонлар, тарихий обидалар атрофига экиб, шаҳар ободлигига ўзгача чирой бағишлаб келмоқдамиз. Бу гуллар май ойигача ўз чиройини сақлаб, яшнаб туради. Айни пайтда баҳорги мавсумда экиладиган гулларни парваришлаб келаяпмиз. Жорий йилда Самарқанд шаҳрига 5 миллион дона гул экиш режалаштирилган. Айни пайтда иссиқхона хўжалигимизда 1 миллион дона туп тайёрланмоқда. Бундан ташқари ижарага олинган иссиқхоналарда ҳам гул етиштириш ишлари олиб борилмоқда.

Шаҳар ободонлаштириш бошқармаси иссиқхона хўжалигида бугунги совуқ кунларда ҳам баҳорий гўзаллик ҳукмрон. Виола, қировгул каби қишки гуллар билан бирга хризантема, гирон, гултожихўроз, бананза, сальвия гуллари ва райҳон кўчатлари кўпайтирилиб, мавсумда экишга тайёрланмоқда.

[gallery-10580]

- Иссиқхонамиз майдони 50 сотихни ташкил этади, - дейди иссиқхона хўжалиги масъули Қаҳрамон Сатторов. – Баҳорги мавсумга ҳозирлик ишлари қизғин давом этмоқда. Ҳавонинг совиб кетиши, ёғингарчиликлар сабаб қишки мавсумда экишга мўлжалланган гулларимиз кўпроқ муддатга иссиқхонада қолиб кетди. Секин-аста ҳавонинг илиши билан ушбу гулларни шаҳримиз бўйлаб экиб чиқиб, уларнинг ўрнига баҳорги мавсум учун уруғ қадаймиз. Айни пайтгача тайёрланган баҳорги гуллар босқичма-босқич марказий кўчалар, хиёбонларда ташкил қилинган гулхоналар ўтқазилади. Уларнинг ўрнига ҳам кейинги экишлар учун уруғ қадаб, гул кўчатлари тайёрланади. Умуман олганда иссиқхонамиз йил давомида бўш турмайди. 25 нафар ишчи ушбу ерда йил давомида уруғдан гул кўчатлари тайёрлаш билан банд бўлади. Келгусида бу ерда фаолиятимизда зарур бўладиган биогомес ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқдамиз. Бу ҳам ишимизни самарали, камхарж бўлишига хизмат қилади.

Бошқарма масъуллари айни кунларда кўҳна кент ободончилиги йўлидаги ишларни бошлаб юборишди. Обод жойда барака бўлади, деган нақлга амал қилган ҳолда бошқарма ишчи-хизматчилари ободончилик ишларини ўз ҳудудларини кўркамлигини таъминлашдан бошлашди. Бундай кўркамлик, ободлик кунлар исиши билан бутун Самарқанд шаҳри бўйлаб давом этади.

 

 

Алишер ИСРОИЛОВ(сурат),ЎзА