Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кўҳна Карвон кўчасига илк бор асфальт ётқизилди
09:23 / 2023-04-06

Фарғона вилоятининг кўплаб маҳаллаларида бугун иш қизғин. 70 ёшдаги Ёқубжон ота Мўйдинов қўшни Учкўприк туманида яшайди, аммо ғайрат-шижоати ёшларникидан қолишмайди. Отахон ҳамкасблари билан шу кунларда Бағдод туманининг турли манзилларида ички йўлларга асфальт ётқизиш билан банд. Кеча – Ирғолида, бугун “Қаҳат” маҳалла фуқаролар йиғинида.

Қаҳатликлар ўтган йили “Ташаббусли бюджет” порталига ички йўлларни асфальтлаш лойиҳасини киритишган ва якунда ушбу таклиф етарли миқдорда овоз тўплаган эди. Карвон кўчасида 750, Чилангар, Қардошлар, Чорвадорлар ва Сўлим номли кўчаларнинг ҳар бирида эса 600 метрдан ички йўллар текис-равон бўлмоқда. Бунинг учун 1,1 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.

Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдулмуҳаммад Юсуповнинг маълум қилишича, Карвон кўчасининг тарихи 250-300 йилга бориб тақалади. Қаҳат қишлоғи ҳудуди айни шу кўчадан кенгая борган. Яқин атрофдаги манзилларни Қўқон шаҳри билан боғлаган бу йўлда кунда-кунора савдо карвонлари кўриниш берган. Ўшандан буён қанча замонлар ўтди, аммо шағал-у тупроқдан бошқасини кўрмади бу кўча.  “Ташаббусли бюджет” самараси ўлароқ, Карвон ва унга туташ кўчаларнинг барига асфальт тўшаляпти. Табиийки, бундан маҳаллий аҳоли жуда хурсанд.  

Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Авазбек Имомов аҳолининг ўзаро ҳамжиҳатлигини айтиб, "Ташаббусли бюджет"нинг жорий йилги 1-мавсумида ҳам яна бир лойиҳа билан қатнашилаётганини таъкидлади. Маълум бўлишича, маҳаллада бирламчи тиббиёт муассасаси мавжуд эмас ва қаҳатликлар ушбу муаммони "Ташаббусли бюджет" орқали ҳал қилишмоқчи.  

М.Сулаймонов,  

ЎзА