English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кўҳна Ховоснинг муқаддас қадамжолари бўйлаб...
08:57 / 2024-03-01

Ховос республикамизнинг энг кўҳна, тарихий гўшаларидан бири бўлиб, у Уструшона давридаги қадимги сарҳадларида ўз ўрни бўлганлиги тарихий манбаларда келтирилган. Ховос тўғрисида қадимий манбалар, ҳатто зардуштийларнинг муқаддас китоби – Авестода ҳам битиклар мавжуд.

Бу ҳудуддаги Эски Ховос шаҳри харобаси Сирдарё вилоятининг, қолаверса, бутун Мирзачўл ҳудудининг энг катта ва муҳим ёдгорлигидир. Ушбу шаҳар харобалари бугунги Ховоснинг жануби ғарбида – Карвонсарой қишлоғининг қаршисида жойлашган. Ҳозирги кунда тепаликнинг 12 гектардан иборат умумий майдони сақланиб қолган.  

Ўтган асрнинг 80-йилларида таниқли олим, тажрибали археолог Алексей Андреевич Грицина Ховос харобаларига илк бор мутахассис сифатида эътибор берган. Кейинчалик Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институти Чоч-Уструшона экспедициясининг А.А.Грицина раҳбарлигидаги Сирдарё отряди ёдгорликда Эски Ховос шаҳри харобалари ўрнидаги Ховос тепалигида археологик қазишмалар ўтказиб, унда қадимий қатламлар мавжудлигини аниқлади. Эндиликда эски Ховос ўзининг мустаҳкам истеҳкомларига эга бўлган Сирдарё вилоятининг илк эллинистик даврига оид энг қадимий шаҳри деб ҳисобланмоқда.  

1988-1989-йиллари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археология институтининг Сирдарё археологик отряди илк бор Эски Ховос харобаларида қазилма ишларини олиб борганлиги натижасида ёдгорликнинг энг пастки қатламларидан олинган археологик манбалар милодгача I ва милодий I асрларда пайдо бўлганлигини кўрсатади. Яъни Эски Ховос камида икки минг йиллик тарихга эга ва бутун Сирдарё вилояти ҳудудидаги энг қадимги шаҳар харобаси қолдиғи эканлиги исботланди.  

Бу ерда ўтган йиллари қазилма ишлари олиб борган А.А.Грицина ва у раҳбарлигидаги экспедиция гуруҳига ховослик меҳнат фахрийлари Маҳмасидиқ Содиқов (марҳум), кекса ўқитувчи Боймурод Азимов бевосита кўмаклашишган. Уларнинг фарзандларидан ушбу кўҳна тепалик ҳақидаги баъзи маълумотларга эга бўлдик.  

– Бу ерда олдин ҳам бир неча марта қазилма ишлари олиб борилган, – деб маълумот берган Алексей Грицина. – Изланишларимиз натижасида қалъа деворларининг сақланиб қолган айрим қисмлари, турли рўзғор буюмлари, ов қуролларининг қолдиқлари ва бошқа топилмалар тепалик ўрнида қадимда шаҳар бўлганлигидан дарак беради, аксарияти тахминан эрамиздан олдинги IV ва V асрларга тўғри келади. Бошқа ҳудудлардаги қазилма ишлари пайтида тупроқнинг қаттиқлиги ишимизни қийинлаштирар эди. Бу ердаги тупроқ анча майин. Яна бир муҳим томони, деворлар бир неча қатламдан иборат, уларнинг қайси даврларга тегишли эканлигини аниқлашга ҳаракат қилаяпмиз. Энг катта топилмалардан бири бу – Юнон девори қолдиқлари саналади. Буюк Ипак Йўли йўналишида жойлашган бу қадим шаҳар харобалари орасида ўтмишнинг қанчадан қанча сирлари ётганлигини аниқлаш экспедициянинг келгусидаги режаларидан ўрин олган.  

–Вилоят тарихи ва ўлкашунослик музейи қошида музейни қадимий, Сирдарё вилояти тарихига оид экспонатлар билан бойитиш мақсадида ташкил этилган илмий тадқиқот маркази мутахассислари ҳам ушбу қазилма ишларида бевосита иштирок этишмоқда, – дейди музей директори Зокир Холдоров. – Тепаликдан топилган буюмлар рўйхатдан ўтказилиб, музей экспонатлари қаторидан жой олмоқда. Мана шу экспонатлар боис кейинги пайтда музейга қизиқувчилар, бу ерга келувчилар сони тобора ортиб бораётгани, айниқса, қувонарли.  

Эски Ховос тепалигидаги қазилма ишлари кетаётган жойда бўлганимизда неча минг йиллик тарих яшириниб ётган кўҳна шаҳарнинг кўчаларида юргандек, аждодларимизнинг нафасини сезиб, топилган буюмларнинг бўлакларида уларнинг қўл излари акс этгандек туюлди. Қазиш ишлари пайтида бу ердан тегирмон тоши чиққанига гувоҳ бўлган эдик. Ушбу  бир чеккаси синган тегирмон тошининг диаметри 90 сантиметр, ўртасидаги тешигининг айланаси 12 сантиметр ва тошнинг қалинлиги 9 сантиметр эканлиги қайд  этилди.  

Булардан ташқари, тепаликда икки қатор ҳимоя деворларининг бўлаклари ҳам борлигини кўрдик. Айниқса, бу ердан антик асрга тегишли тегирмон тоши, ХII асрга тегишли шамдоннинг қолдиғи топилганлиги аждодларимизнинг ҳаёт тарзидан гувоҳлик беради.

Олимларнинг таъкидлашларича, бу ноёб топилма ХII асрга тегишли шамдоннинг қолдиғи, банди бўлиб, унда Ҳумо қушининг тасвири туширилган эди. Бундан IX аср аввал нафис қилиб ишланган шамдоннинг бўлагида қўли гул ҳунарманднинг бор маҳорати мана мен деб ўзини намойиш этиб турарди.  

Айниқса, эрамиздан аввалги III ва II асрга оид маъбуда – Анахита ҳайкалчаси (ҳосилдорлик, қайта туғилаётган табиат рамзи) бизда катта қизиқиш уйғотди. Демак, милоддан олдинги IV асрдан то ХХ асрга қадар Ховос қадим Фарғона, Чоч ва Суғдда савдо ҳамда ҳарбий ҳаракатлар йўналишлари чорраҳасидаги қулай ва муҳим манзилгоҳ вазифасини ҳам бажарган. Бу ерда биз ўтмиш билан учрашдик гўё.  

Ҳа, кўҳна тепаликни мозий билан бизни боғлаб турган кўприк десак, хато қилмаймиз. Шу ўринда грузин халқининг бир одати ёдимизга тушди. Уларнинг каттаю кичиги тоғу тошлар орасидан агар эски бир тақа топиб олса ҳам, бу ота-боболаримиздан қолган табаррук буюм деб, ёдгорлик сифатида асраб-авайлаб олиб қўяр экан. Ўз ичига неча асрларни жамлаган бу кўҳна тепалик эса бизга битта эмас юзлаб, минглаб қимматли буюмлар, ёдгорликларни тақдим этаётган экан, уларни қадрлаш, асраш бугунги ва келажак авлодларнинг бурчи саналади.  

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, кейинги йилларда Эски Ховос шаҳри харобаларидан топилган ноёб археологик манбалар илмий жиҳатдан ўрганилди. Натижада, А.Грицина ва М.Содиқовнинг ҳаммуаллифлигида “Эски Ховос ва унга қўшни ҳудудлар қадим ва ўрта асрларда” номли китоби нашр этилди. Ушбу асар нафақат қадимги Ховос, балки бутун Сирдарё вилояти тарихини ўрганишда асосий илмий манба саналади.  

Юртимизда ички ва ташқи туризмни ривожлантириш борасида залворли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу соҳа бўйича Президентимиз томонидан қабул қилинаётган муҳим ҳужжатларнинг бажарилишини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар барчамизни қувонтиради. Юртимизда тарихий обидалар, қадимий қадамжолар кўп. Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент ва бошқа вилоятлардаги тарихий обидалар хорижлик сайёҳларни тобора кўпроқ қизиқтирмоқда. Сайёҳлар оқими кундан-кунга кўпаяётганлиги қувонарли. Лекин ҳар бир ҳудуднинг ҳам ўз тарихи, қадимий обидалари бор.  

Жумладан, Сирдарё вилоятда ҳам бир нечта тарихий обидалар борлиги билан фахрлансак арзийди. Фақат улар ҳақида халқимиз, ҳаттоки, сирдарёликларнинг ўзлари ҳам кам билишади. Сардоба тумани ҳудудидаги қадимги Сардоба обидаси, Сирдарё туманидаги қадимий Қизтепа тепалиги ҳамда Ховос туманидаги Эски Ховос тепалиги шулар жумласидандир.  

Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири.