Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
KOFIH жамғармаси билан ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
09:29 / 2023-02-14

Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Корея халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси (KOFIH) Президенти Ким Чан Ёп билан мулоқот ўтказди.

Вазирлик хабарига кўра, дўстона руҳда ўтган учрашувда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.  

Қайд этилганидек, KOFIH — Корея Республикасининг соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги жамғарма бўлиб, бугунги кунда мазкур ташкилот дунёнинг қатор мамлакатларида тиббиёт тизимини ривожлантириш бўйича илғор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.  

Кейинги йилларда Ўзбекистонда ҳам ушбу жамғарма томонидан соғлиқни сақлаш ҳамда тиббиёт кадрларини тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишлар юртимизда шошилинч тиббий ёрдам, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этяпти.  

Биргина Республика тез тиббий ёрдам маркази ва унинг Самарқанд ҳудудий филиалида “Шифохонагача шошилинч тиббий ёрдам хизмати салоҳиятини ошириш” грант лойиҳаси доирасида симуляцион марказларнинг ташкил этилиши аҳолига ушбу йўналишда кўрсатилаётган хизмат сифатини янада яхшилашга замин яратди.  

Шунингдек, Республика вирусология илмий-текшириш институти ҳамда KOFIH ҳамкорлигида Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Андижон вилоятларида истиқомат қилувчи аёллар ўртасида одам папиллома вирусини аниқлаш ва бачадон бўйни саратони касаллиги диагностикасини такомиллаштириш бўйича пилот лойиҳа йўлга қўйилди.  

Пойтахтимиздаги Болалар миллий тиббиёт марказида мамлакатимиз Президенти топшириғига асосан тиббиёт соҳасида бошқарув йўналишида кадрлар салоҳияти ва малакасини ошириш ҳамда у орқали болалар саломатлигини янада мустаҳкамлаш борасида жорий этилган янгиликлар ҳам икки томонлама ҳамкорликнинг самарасидир.  

Учрашувда “Шифохонагача шошилинч тиббий ёрдам хизмати салоҳиятини ошириш” лойиҳасининг 2-босқичини амалга ошириш, Тошкент тиббиёт академиясида юқори технологияли муолажаларга ихтисослашган малакали кадрларни тайёрлаш ҳамда аёллар орасида одам папиллома вирусини аниқлаш ва бачадон бўйни саратони касаллиги диагностикасини такомиллаштириш бўйича ишларни мутлақо янгича руҳда ва янада самарали механизмлар асосида давом эттиришга келишиб олинди.  

ЎзА