English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кодексга киритилган ўзгартиришлар хусусий мулк дахлсизлигини таъминлайди
12:15 / 2022-02-22

Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаб, рағбатлантиришга қаратилаётган эътибор ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаб, хусусий сектор учун кенг имконият яратди.

Бу жараёнда тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш янги босқичда ривожланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) институти ишбилармонлар доирасининг яқин маслаҳатчиси ва ишончли кўмакчисига айланиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикасининг жорий йил 11 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 245-245-8-моддаларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилингани ҳам бунга яққол далилдир.

Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, яъни Бизнес-омбудсман ва унинг девони ходимларининг ваколатлари кенгайтирилди. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш, жарима солиш кўринишидаги маъмурий жазо чорасини қўллаш ҳуқуқлари берилди. Бу Бизнес-омбудсман институтига билдирилган катта ишонч бўлиб, эндиликда, Вакил, унинг ўринбосари ва девон бош инспекторлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланган моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги ишларни кўриб чиқади.

Кодекснинг тегишли моддаларида акс этган тадбиркорлик субъектларини ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш, имтиёзлар ва преференцияларни қўллашни ғайриқонуний равишда рад этиш, қўлламаслик ёки қўллашга тўсқинлик қилиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳисобварақларида пул маблағлари мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни қонунга хилоф равишда талаб қилиб олиш, тадбиркорлик субъектларидан қонунчиликни бузган ҳолда ҳужжатлар талаб қилиб олиш ҳам белгиланган маъмурий жазо чораларини қўллашга сабаб бўлади.

Шу ўринда айтиш керакки, тадбиркорлик соҳасида маъмурий ҳуқуқбузарликни келтириб чиқарувчи бу каби қонунбузилишлар бўйича ишлар жорий йилгача жойлардаги маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилаётган эди. Қонун билан энди мазкур моддалар бўйича ишларни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш Бизнес-омбудсман ваколатига ўтди.

Фаолиятимиздаги янгилик билан масъулларни яқиндан хабардор қилиш мақсадида Шеробод туманидаги тижорат банклари, Шеробод иқтисодий суди, Савдо-саноат палатаси туман бўлими, Мажбурий ижро бюросининг Денов туман бўлими, Денов тумани солиқ инспекцияси, Денов тумани жиноий, фуқаролик ва иқтисодий судлари, Термиз шаҳридаги қатор назорат қилувчи органлар ва бошқа давлат бошқаруви идораларида учрашувлар ташкил этиб, қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти атрофлича тушунтириоли. Жойларда учрашув ва давра суҳбатлари давом этмоқда.

Кодексга киритилган бу ўзгартиришлар хусусий мулкни янада ишончли ҳимоя қилиб, унинг дахлсизлигини таъминлаш ва ўзбошимчалик билан тадбиркорлар ҳуқуқини поймол қилиш, жамиятда адолатсиз ва асоссиз важлар билан ишбилармонларнинг хусусий мол-мулкига аралашув каби ҳолатларга барҳам беради.

Ш.Яхшиқулов, 
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Девони етакчи инспектори.
ЎзА