English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг асосий принциплари белгиланмоқда
12:47 / 2022-03-28

Мамлакатимизда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилинган.

Аммо ушбу масалаларни тартибга солувчи қонунчилик ўрганиб чиқилганда, мазкур соҳада меъёрий-ҳуқуқий негиз тарқоқ эканлиги, ҳар хил кучга эга бўлган қоидалардан иборат ҳужжатлар, бир-бирига зид ва ўзаро мос келмайдиган меъёрлар мавжудлиги маълум бўлди. Шу боис «Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарурати пайдо бўлди. 

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан ишлаб чиқилган ушбу қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида муҳокама қилинди. 

Қонун лойиҳасида соҳага оид тушунчалар, ваколатли органлар, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш, маълумотлар тақдим этиш тартиби, ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатлар ва хусусиятлари, рўйхатдан ўтказувчилар мақоми, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказишни ташкил этиш, низоларни судгача ҳал этиш, жавобгарлик ва кафолатлар каби бир қатор муҳим меъёрлар ўз ифодасини топган.  

Хусусан, лойиҳада ер ҳисобини юритишда ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш кетма-кетлигини белгилаш таклиф этилмоқда. Бу билан Ер кодексига мувофиқ, авваламбор ерга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилиши, кўчмас мулк билан битим тузилишига қадар унга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилиши таъминланади.  

Шунингдек, қонун лойиҳасида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг асосий принциплари белгиланмоқда. 

Фракция аъзоларининг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ бўлган қоидаларнинг ўзаро мувофиқлаштирилмаган нормаларини бартараф этиш имконини яратади ва атамалар ҳамда тушунчаларнинг бир хиллигини таъминлайди. 

Фракция йиғилишида яна бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилиб, партия электорати манфаати нуқтаи назаридан муносабат билдирилди ва маъқулланди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА