Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кўчмас мулк олди-сотди шартномалари 16 фоизга камайди
16:38 / 2021-08-19

2021 йилнинг июль ойида кўчмас мулк олди-сотди суръатлари секинлаша бошлади ва сотиб олиш фаоллигига таъсир қилувчи асосий омил пандемия билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашуви бўлди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази бош илмий ходими Халилуллоҳ Ҳамидов маълум қилди.

Ушбу ойда Ўзбекистонда 18,1 мингта кўчмас мулк олди-сотди шартномалари тузилди, бу 2020 йилнинг мос даврига (16,1 минг) нисбатан 12,5 фоизга кўпдир. Шу билан бирга, жорий йилнинг июнь ойига нисбатан кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони 16 фоизга камайди. Лекин июль ойи кўрсаткичларини ўтган йилнинг июль ойи билан таққослаш унчалик ҳам тўғри бўлмайди, чунки 2020 йил июль ойи локдаун ҳолати жорий этилган эди.  

 Кўчмас мулк бозорида битимлар сони камайишининг асосий сабаблари – эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашуви бўлиб, бунинг натижасида потенциал харидорлар ҳозирги бозор шароитларида битимлар тузишни фойдасиз ҳисоблаб, ноаниқликлар тарқалишини кутишади. Шу билан бирга, таъкидлаш керакки, карантин чекловлари бутун мамлакат бўйлаб амал қилмоқда, бу ҳам иқтисодиётга босим ўтказишда давом этмоқда.  

 Бу Марказ томонидан ўтказилган параллел тадқиқотда ҳам қайд этилган. Хусусан, кичик ва ўрта бизнес вакилларининг 17 фоизи пандемиянинг товарлар, хизматларга бўлган талабга салбий таъсирини қайд этган. Кўчмас мулк бозорида талабнинг сезиларли даражада пасайишига сабаб бўлган бошқа омиллар орасида аҳолига берилган ипотека кредитлари сонининг камайиши ҳам бор. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маълумотларига кўра, жорий йилнинг июль ойида ипотека кредитлари сони 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 4,3 фоизга камайган. Июнь ойида эса пасайиш 53 фоизни ташкил этди. Умуман олганда, 2021 йилнинг 7 ойида берилган ипотека кредитлари сони ўтган йилнинг шу даври билан таққосланганда, 19,2 фоизга камайди.  

 Ўзбекистон Марказий банки маълумотлари асосида ҳудудларга келадиган бўлсак, жорий йилнинг июнь ойига нисбатан барча ҳудудларда талабнинг пасайиши кузатилди. Энг юқори пасайиш суръатлари Бухоро (27,3%), Наманган (22,1%), Қашқадарё (20,7%), Навоий (18,1%), Самарқанд (17,8%) вилоятларида қайд этилди. Шу билан бирга, 2021 йилнинг июль ойида берилган ипотека кредитлари сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан Қашқадарё (60,1%), Бухоро (40,3%), Жиззах (39,9%), Сирдарё (34,1%), Сурхондарё (29%) вилоятларида сезиларли даражада камайди.  

 

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА