Сурхондарё вилоят мусиқали драма ва вилоят қўғирчоқ театрлари санъаткорлари воҳадаги мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун бепул театр томошалари ташкил этмоқда.
Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Мактаб ва мактабгача таълим ҳамда Маданият ва туризм вазирликлари ҳамкорлигида уюштирилаётган тадбирларда ёш томошабинларга қулайлик яратиш учун саҳна асарлари жойлардаги маданият уйлари ва таълим муассасаларида намойиш этилмоқда.
–Вилоят мактаб ва мактабгача таълим, вилоят маданият ва туризм бошқармалари билан театр томошалари репертуарларини ишлаб чиққанмиз, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими масъул ходими Олтибой Останақулов. – Бунда ёш авлод қалбида миллий ғурур, миллий ифтихор туйғуларини шакллантириш, уларни она Ватанга муҳаббат, умумбашарий қадриятларга ҳурмат, инсонпарварлик ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга муносиб саҳна асарлари танлаб олинган. Айни кунларда вилоят мусиқали драма ва вилоят қўғирчоқ театрлари жамоалари белгиланган режа асосида кўчма спектаклларини тақдим этмоқда.
–Икки фарзандим туман маданият уйида вилоят қўғирчоқ театрининг “Сеҳрли сандиқ” спектаклини томоша қилиб, бир олам таассурот билан келди, – дейди Шеробод туманидаги Боғобод маҳалласида яшайдиган Ботир Жаббаров. – Асар қаҳрамонларининг яхши фазилатларини ҳаёжон билан сўзлаб берди. Вилоят театрларининг воҳа марказидан ташқарида ҳам бундай спектаклларни кўрсатиши қишлоқ болалари учун жуда қизиқарли ва завқли жараён. Тағинам томошалар бепул ташкил этилмоқда. Бундай кўчма спектакллар ҳам албатта, фарзандларимизнинг маънан юксак инсоний туйғулар билан камолга етишига кўмаклашади. Шу боис бундай томомшаларни тез-тез уюштириб туриш керак, деб ўйлайман.
Воҳадаги маданият уйлари ва таълим муассасаларида болажонларга тақдим этилган саҳна асарларини ўн мингдан ортиқ ўғил-қиз мириқиб томоша қилди.
Кўчма спектакллар намойиши давом этмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА