Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси томонидан “Яшил макон” лойиҳасини амалга оширишда кўчатчиликни ривожлантириш ва питомниклар тармоғини кенгайтириш бўйича Фарғона вилояти тажрибасига бағишланган илмий-амалий семинар ўтказилди.
Юртимизда яшил ҳудудларни кенгайтириш, экология ва атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашдек эзгу мақсадни кўзлаган “Яшил макон” лойиҳаси умуммиллий ҳаракатга айланди.

Жорий йилги давлат дастурида ҳам 365 минг гектар ерда дарахт ва буталарни экиш, 14 та ҳудудда ботаника ва дендрология боғлари, 20 та соя салқин сайр кўчалари, Сурхондарёда 10 минг гектарда яшил макон ва Сирдарёда 84 километрли “яшил девор” барпо этиш ишлари устувор вазифа сифатида белгилаб берилган.
Семинарда ҳудудларнинг иқлим, тупроқ ва сув шароитига мос кўчат турларини етиштиришда кўчатчиликни ривожлантириш ва питомниклар муҳим аҳамиятга эгалиги алоҳида қайд этилди.

Тадбир иштирокчилари учун кўчатларни экиш ва уларни парваришлашнинг илмий ҳамда амалий жиҳатлари юзасидан маълумотлар берилди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий-амалий ишлар, интенсив боғдорчилик, кўчатчилик, экспорт ва кадрлар тайёрлаш йўналишларида комплекс фаолият амалга оширилаётгани эътироф этилди.
Шунингдек, семинар доирасида Қува туманида кўчат экиш акцияси ташкил этилди.
М.Комилова,
ЎзА