Гарчи қишнинг аёзли кунлари ҳукмронлик қилаётган ва қорлар баъзи жойларда эримаган бўлсада, шу кунларда баҳорнинг илиқ нафаси ҳам сезила бошлади. Пойтахт вилоятидаги дарахтлар “уйғонай” деб қолди. Бундай паллада кўпчилик ерининг бирор-бир парчасига кўчат экиш учун бозорга шошади. Маҳалла кўйда “кўчатфурушларнинг даври келди” деган гаплар бот-бот қулоққа чалиниб қолади.
Тошкент тумани “Ибрат” маҳалласида яшайдиган Тўлагановлар оиласини кўпчилик яхши танийди. Хўжалик соҳиблари 2 сотох ерида илк бор “ин-витро” усулида 1.5 минг туп кўчатни парвариш қилиб, донасини 50-55 минг сўмдан сотишяпти. Хонадон эгалари ўртача 60 миллион сўм даромад қилишни чамалашмоқда.
Айтиш керакки республикамизда “ин-витро” усулида кўчат кўпайтириш бошланганига унча кўп бўлмади. Бироқ аҳолида бу тезкор усулга кундан-кунга қизиқиш ортиб бормоқда. Бунга ўзига яраша сабаблар бор.
- Академик М.Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти олимлари ҳамкорликда ушбу “ин-витро” усулида етиштирилган гилос навини яратдик, - дейди академик М.Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти кичик илмий ходими Нодир Жалилов. – Бу пайвантагнинг ўзига хос томонлари гилос кўчати баланд бўлиб ўсиб кетмайди, тез ҳосилга киради ва вирусга, касалликларга чидамли ҳисобланади. Бу хонадонга тақдим этилган кўчатлар лойиҳа доирасида экиб берилган, етиштиришларига кўмаклашилган.
Шу йилнинг январь ойи охирида “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Сурхондарё, Жиззах, Фарғона ва Тошкент вилоятларида давлат “ин-витро” лабораторияларини ташкил этиш, шунингдек, хусусий “ин-витро” лабораторияларини барпо этишга тадбиркорлик субъектларига кредитлар ажратиш учун халқаро молия институтларидан камида 30 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағлар жалб этилиши белгилаб қўйилган. Демак, йил дастурида аҳолини юқори даромадли қилиш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда.
Шу кунларда туман ва шаҳарлар кесимида 2025 йилда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида маҳаллаларда дарахт кўчатларини ҳамда хонадонлар, ички кўчаларга гул ва қаламчаларни экиш дастурлари ишлаб чиқилмоқда.
Йил дастурида баҳор-куз мавсумларида республикадаги барча маҳаллаларнинг ички кўчалари ва аҳоли хонадонларида 32 миллион туп мевали ва манзарали дарахтлар, бута кўчатларини ҳамда райҳон, гултожи, атиргул ва бошқа гуллар, шунингдек, қаламчаларни экиш ва парваришлаб бориш кўрсатиб ўтилган. Бу эса жойларда кўчатчилик имкониятларини янада кенгайтиришни тақозо этмоқда.
Шу боис академик М.Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти тадқиқотчи олимлари томонидан “ин-витро” лабораториясини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Бугунги кунда туман учун дастлабки “ин-витро” шароитида кўпайтирилган гилоснинг “Кримский-5” пайвандтагида “Скина” “Лапинс” “Сариқ гилос” навлари асосида кўчатларни етиштириш, кўчатчиликни йўлга қўйиш ва хонадонлар кесимида даромадларини ошириш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилиб, амалга ошириб келинмоқда. Унга асосан хонадонбай замонавий кўчатчилик йўлга қўйилади.
Лойиҳа доирасида томорқа хўжаликларида стандарт гилос кўчати етиштириш технологияси асосида юқори даромад олиш сирлари соҳа мутахассислари томонидан ўргатиб борилади. Шунингдек, аҳоли томорқаларида бир майдондан асосий экинга қўшимча даромад олиш учун кўчатлар орасига гилос боғлари ташкил этилиб, даромадлари оширилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/O1NZrLtOsKQ" title="Koʼchatchilik. 2 sotox yerdan 60 mln soʼm daromad" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов,Нишонбой Абдувойитов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА