Боёвут туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари иштирокида амалий семинар ташкил этилди.
Тадбирда туман ҳокими Дилфуза Ўролова қатнашиб, экологик муҳитни асраш ва яшил майдонларни кенгайтириш борасида олиб борилаётган ташаббускорлик учун соҳа мутахассисларига миннатдорчилик билдирди.


Туман раҳбари нутқида бугунги экологик муаммоларга бефарқ бўлмаслик, табиатга масъулият билан ёндашиш ва келгуси авлодлар учун тоза, яшил муҳит яратиш муҳим вазифа эканини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, ҳоким қишлоқ хўжалиги мутахассислари орқали экологияни муҳофаза қилиш, дарахт ва буталар экиш ҳамда маҳаллий ҳудудларда яшил боғ ва майдонларни кенгайтиришнинг аҳамиятини таъкидлади.


Маълумот учун шуни айтиш мумкинки, “Яшил макон” лойиҳасининг кузги мавсумида Боёвут туманида 1 миллион 100 мингдан ортиқ иқлимга мос дарахт ва буталар экилиши режалаштирилган. Шундан 600 мингдан ортиқ кўчат айнан қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари томонидан экилади. Ҳозирги кунга қадар тумандаги фермер хўжаликлари томонидан 70 мингга яқин кўчат экилиб, мавсум якунига қадар бу кўрсаткични сезиларли ошириш режалаштирилмоқда.

Тадбир давомида иштирокчилар кўчат экишнинг замонавий усуллари, агротехник талаблар ва парвариш бўйича тажриба алмашдилар. Шунингдек, семинарда ҳудудда экологик барқарорликни таъминлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва тупроқдан самарали фойдаланиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири