Бугун республикамизнинг 14 та олий таълим муассасаси, жумладан, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ҳам “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кўчат экиш марафони бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Чирчиқ шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими вакиллари, университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирок этди.


Марафон давомида жами 10 500 та кўчат экилди. Айнан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига ҳам 500 дона кўчат ажратилди. Ушбу марафоннинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, олиб келинган манзарали ва бута кўчатлари олийгоҳнинг Талабалар турар жойи ҳовлисида боғ яратиш мақсадида ўтқазилди ва махсус номерлар билан белгилаб қўйилди.
Россиялик хизмат кўрсатган спорт устаси, депутат, қатор халқаро мусобақалар ғолибаси Рима Баталова ва Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси президенти А.Ғаниев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қ.Жўраевларнинг иштироки марафон аҳамиятини янада оширди.


Марафонда барча бирдек фаол қатнашиб, университет ҳудудини кўкаламзорлаштириш ишларига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, бутун республикамиз бўйлаб давом этаётган “Яшил макон” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети томонидан олийгоҳ ҳудуди ҳамда унинг Кумушкон базасидаги белгиланган жойларга 4324 дона мевали ва манзарали кўчатлар экилди. Шунингдек, Спортни ривожлантириш вазирлиги томонидан ажратилган 2 900 туп мевали дарахт кўчатларидан 1 850 тупи университетнинг Кумушкон базасига экилди.
Анвар Жуманиёзов,
ЎзДЖТСУ ахборот хизмати