Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кўчат даромади қовунникидан қолишмайди
05:58 / 2023-04-13

Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги “Бесаранг” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси азалдан қовунчилик билан шуғулланади. Ота-боболардан мерос анъана бугунги кунда замонавий мезонлар асосида ривожлантирилиб, иссиқхоналарда экспортбоп қовун навлари етиштирилмоқда. Маҳалла раиси Дилмурод Қосимовнинг қайд этишича, айни пайтда мингдан ортиқ оиланинг аксарияти ўз томорқасида қовун экади. Инновацион ёндашув туфайли аҳоли томорқаларида иссиқхоналар ташкил этилиб, интенсив усулда қовун етиштириш яхши даромад манбаига айланди.

Деҳқончилик маҳалла “драйвери сифатида белгиланган бўлиб, миришкор томорқачилар йилига уч-тўрт маротабагача ҳосил олади. Шунингдек, турли сабзавот ва резаворлар кўчатлари етиштириб сотиш маҳалла аҳлининг қўшимча даромад манбаи ҳисобланади.

– Қовун иссиқхонада очиқ майдонда етиштиргандан кўра бир ой олдин пишади, – дейди Ихтиёр Қамчиев. – Оиламиз қовун сотишдан бир йилда ўртача 50 миллион сўм даромад олади. Йил давомида томорқадан яна камида икки маротаба ҳосил оламиз.

Акбарали Аҳмуллаев оиласи йилига 50-60 минг туп қовун кўчати сотади. Кўчат савдоси қовун етиштириш даромадидан кам эмас. Шунинг учун ҳам Аҳмуллаевлар маҳаллада томорқадан энг кўп даромад топаётган оилалар сирасига киради.

Бесаранг қовуни нафақат Фарғона водийсида, балки қўшни республикаларда ҳам машҳур. Шу боис экологик тоза маҳсулот МДҲ давлатларига ҳам экспорт қилинади.

Яқин кунларда бозорлар пештахталарини бесаранглик миришкорларнинг ширин қовунлари тўлдиради.

М.Сулаймонов,  

ЎзА