Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кўчаси бору номи йўқ, уйи бору рақами йўқ ёхуд беморни қидираётган “Тез ёрдам”чилар ҳақида ЎзА танқид қилади
12:45 / 2021-08-10

Август ойининг бошларида бир дўстимизни ярим кечаси Гулистон шаҳрининг ёнгинасида жойлашган (янги бозор атрофидаги) намунали уйлар қурилган “Янги авлод” маҳалласига ташлаб ўтдик.

Қайтаётганимизда бемаҳалда кўчанинг четида туриб, қўл телефони чироқчасини ёқиб, қўли билан ишора қилиб турган 10 ёшлардаги қизалоққа кўзим тушди. Тунги соат 23:00 ларда бу қизалоқ нима қилиб турибди экан, деб хавотирланганимдан машинада унинг ёнига бордим. “Қизим, бемаҳалда нима қилиб турибсан?” деб сўрадим.  

– Онамнинг қон босими ошиб кетди. “Тез тиббий ёрдам” машинасини кутиб турибман, амаки, деди у.

– “Тез тиббий ёрдам” машинасини уйингда ўтириб кутмайсанми, – дедим ҳайрон бўлиб.  

– Уйимизнинг рақами, кўчамизнинг номи йўқ-да. Бунинг устига ҳамма уйлар бир хил бўлса. Бу ерда ким “скорий” чақирса, кўчага чиқиб кутиб олади, бўлмаса дўхтирлар уйни топа олмайди, – деди бу ҳолатга кўникиб кетган қизча.  

Бу орада зангори чироқларини липиллатиб “скорий” ҳам келиб қолди. Мен эса бу мавзуга ойдинлик киритиш учун тунгги соат 24:00 га яқин Гулистон шаҳар “Тез тиббий ёрдам” бўлимига кириб бордим. Хуллас, Гулистон шаҳар тез тиббий ёрдам станциясининг навбатчи катта шифокори Абубакир Мирзаев келганимнинг боисини билгач, “ёрилди”.

– Ҳозирги кунда вилоят маркази Гулистон шаҳрида статистика бўйича 86 минг нафар аҳоли истиқомат қилмоқда. Шаҳар аҳолисига Гулистон шаҳар тез тиббий ёрдам бўлимида 45 шифокор 7 та замонавий махсус автотранспортда хизмат кўрсатмоқда. “Тез тиббий ёрдам” чақираётган беморларимизнинг яшаш манзилларини топиб боришда қийинчиликларга дуч келаяпмиз. Айниқса, янги қурилган намунали уйлардан чақирув бўлса, беморнинг уйини топиб боришимиз осон кечмаяпти. Ҳамма уйлар, дарвозалар бир хил, на кўчанинг номи бор, на уйларнинг рақами. Ўша чақирув бўлган хонадондан кимдир чиқиб, бизни кутиб олади. Кўчаларнинг носозлиги, ўйдим-чуқурлигини айтмаса ҳам бўлади. Илгари кўчаларда уйларнинг бир томони тоқ сонлар, бир томони жуфт сонлар билан рақамланар эди. Ҳозир негадир бу қоидаларга амал қилинмаяпти. Айниқса, шаҳарнинг Улуғобод қўрғонида, Бахт массивида, Янги барпо бўлган 6-мавзеларда хонадонларни топиб боришимизда катта қийинчиликларга дуч келмоқдамиз. Хуллас, асосий вақтимиз беморларнинг манзилини қидириш билан ўтаяпти. Энг ёмони, аҳолининг шу тариқа кечроқ етиб келган “Тез тиббий ёрдам”га нисбатан ишончи сусаймоқда. Бу масалада ҳокимиятга ҳам, маҳалла оқсоқолларига ҳам бир неча маротаба мурожаат қилганмиз. Бироқ натижа бўлмаяпти.

Сайхунобод туманидаги тез тиббий ёрдам бўлими катта шифокори Муҳаббат Исмоилова ҳам бу борада шундай дейди:

– Тез ёрдамда 2012 йилдан буён ишлаб келаман. Беморлар томонидан чақириқ бўлганда уларнинг уйларини кундузи сўраб-суриштириб топиб оламиз. Кечалари эса қийин бўлаяпти. Сабаби туманимиздаги маҳаллаларнинг кўпчилигида кўчаларнинг номи, хонадонларнинг эса рақами йўқ. Бу ишимизга халал беради, аҳоли учун ҳам осон бўлмайди. Бу муаммо ҳал этилса, биз, шифокорларга ҳам беморларимизнинг манзилини тез фурсатда топиб, тиббий хизматни асаббузарликсиз кўрсатар эдик.

Тошкент-Термиз катта йўлининг Сирдарё тумани “Исломобод” МФЙ ҳудудида жойлашган тез тиббий ёрдам бўлими мудири Фахриддин Миразимов ҳам айни фикрда.

 Бундай ҳолат фақат Сирдарёдамикан, деган ўйда, қўшни Жиззах вилоятидаги ҳолатни суриштирсак, бу “Тез тиббий ёрдам”даги шифокорларнинг оғриқли нуқтаси экан.

– Шифокорларнинг вақти ноаниқ манзилларни қидириш билан ўтмоқда, – дейди Шароф Рашидов тумани “Тез тиббий ёрдам” мудираси Дилбар Ҳамидова. – Йўлларнинг бузилиб кетганлиги, уйларнинг тарқоқ жойлашганлиги, “Тез тиббий ёрдам” машиналарига ва шифокорларига ҳам қийинчиликлар туғдирмоқда. Туманимизнинг “Токчилик”, “Қўшбармоқ” каби массивларидаги бир неча юзлаб уйларнинг рақамлари, кўчаларнинг номлари гарчи аҳоли бу ерда бир неча йиллардан буён истиқомат қилаётган бўлсада, ханузгача йўқ.

Тушунишимизча, чақирув бўлса Гулистондаги ўш қизча каби бу ерда ҳам кимдир кўчада туриб, “скорий”ни кутиб олиши керак бўлади.

Халқимиз бугундан эртаси янада порлоқ бўлишини истаб, эзгу ниятлар билан ҳаёт кечирмоқда. Ҳудудлардаги мутасаддилар бунга эътибор қаратса аҳоли ва тиббиёт ходимлари учун анча енгиллик бўлган бўларди.

Шуҳрат Суяров, ЎзА