Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кўч-кўронимиз билан кўчиб юриш дардидан қутулдик, дейишмоқда профилактика инспекторлари
19:30 / 2021-05-24

Қарор ва ижро

Тинчлик, хотиржамлик – инсоният ҳаётининг муҳим омили. Хотиржам кўнгил, тинч оила, осойишта маҳалла, фаровон жамият, барқарор мамлакат – бу кетма-кетлик ҳаётимизга мазмун бағишлайди, умримизни гўзаллаштиради, фарзандларимизни хотиржам камолотга етказади. Аммо ана шу хотиржамлик ва тинчлик ўз-ўзидан келмайди. 

Ҳар бир маҳалла-кўйда тинчлик ўрнатиб, турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиб, аҳолига осойишталик бахш этиш учун профилактика инспекторлари туну кун хизмат қилади. Улар бор, маҳаллаларимиз осойишта, уруш-жанжалдан йироқ, тунлари хотиржам ухлаб, тонг оттирамиз. Уларнинг хизматлари сабаб болаларимиз мактаб, боғчага қўрқувсиз бориб келади.

Мамлакатимизда маҳаллалардаги профилактика инспекторларини қўллаб-қувватлаш, яшаш шароитларини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги «Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида уларга ўзи хизмат қилаётган маҳалла ҳудудидан барча қулайликка эга хизмат уйлари ажратилди. 

Қарорга мувофиқ, 2017-2018 йилларда ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини бевосита улар хизматни ўтайдиган ҳудудда жойлашадиган хизмат уй-жойи билан таъминлаш дастури қабул қилиниб, шу асосида ишлар амалга оширилди.

Ушбу йўналишдаги чора-тадбирлар изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, 2021 йил 20 май куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика (катта) инспекторларини 2021-2023 йилларда хизмат уй-жойлари билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, бу борада қатор вазифалар белгилаб берилди. 

Жумладан, унда жами 2 минг 965, 2021 йилда 993 та, 2022 йилда 988 та, 2023 йилда 984 та уй-жойни янгидан қуриш вазифаси ўз ифодасини топган. Шунингдек, 2021-2023 йилларда жами 223 та хонадон харид қилиш, 161 та уй-жойни тўлиқ таъмирлаш масаласи белгиланган.

Таъкидлаш жоизки, ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини коммунал-маиший шароитларга эга бўлган, замонавий талаблар ва стандартларга жавоб берадиган қулай хизмат уй-жойи билан таъминлаш, уларнинг нуфузини ошириш ва хизматни самарали ўташида муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Тошкент шаҳри Олмазор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи, подполковник Улуғбек Каримов билан боғландик.

– Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторлари ҳар бир маҳалла, оила ва шахс кесимида жиноятчиликнинг сабабларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш орқали ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишда энг қуйи бўғиндаги муҳим вакилларимиз ҳисобланади, – дейди подполковник Улуғбек Каримов. 

– Уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш инспекторларнинг фаолияти самарадорлигида алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида туманимиздаги жами 118 нафар профилактика инспектори хизмат уйлари билан таъминланган. 

Президентимизнинг жорий йил 26 мартдаги «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра, соҳадаги ишлар натижадорлигини ошириш мақсадида янги штатлар берилиши кўзда тутилмоқда. 

Маҳаллаларга янгидан жалб этиладиган профилактика инспекторлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика (катта) инспекторларини 2021-2023 йилларда хизмат уй-жойлари билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида, албатта, хизмат уй-жойи билан таъминланади. 

Дарҳақиқат, таянч пунктларининг профилактика инспекторлари ўзи хизмат ўтаётган маҳалласида оиласи, фарзандлари билан истиқомат қилиши ҳам иш унумдорлигини оширади, ҳам ўз касбига нисбатан содиқлигига замин бўлади.

– 2019 йилгача Чилонзор туманида терговчи, катта терговчи сифатида хизмат қилганман, – дейди Олмазор тумани «Мискин» маҳалла фуқаролар йиғини катта инспектори, капитан Одил Болтабоев. – Бир неча йил Тошкент вилоятининг Чиноз туманидан қатнаб ишладим. Охирги 5 йил давомида эса оилам билан 5 та квартирага кўчиб, сарсон бўлиб яшадик. 

Уй-жой масаласида қийналиб, 2019 йилда Олмазор туманига профилактика инспектори сифатида ишга ўтдим. Хизмат фаолиятим давомида менга 2 нафар фарзандим борлиги учун 3 хонали хизмат уйи топширишди. Кўч-кўронимиз, болаларимиз билан квартирама-квартира кўчиб юриш дардидан қутулдик. Бугун ўзим фаолият кўрсатаётган маҳалламда барча қулайликка эга хонадонда оилам билан бирга хотиржам яшаяпман. 

Терговчи бўлиб ишлаганимда асосан иш кабинетида ўтириб ишлар эдик. Профилактика инспектори эса одамларга яқин бўлган энг қуйи бўғин сифатида доим аҳоли орасида бўлади. Ҳатто, баъзан уйимга ҳам мурожаат қилиб келишади. Хизмат олиб бораётган маҳаллада яшаш ҳам менга, оиламга қулай бўлса, ҳам аҳоли вакилларига қулай. Бундан жуда мамнунмиз.

Дарҳақиқат, Президентимиз ташаббуси билан ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторлари коммунал-маиший шароитларга эга бўлган, замонавий талаблар ва стандартларга жавоб берадиган қулай хизмат уй-жойи билан таъминланаётгани маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни сақлашда, уларнинг ўз хизмат фаолиятидан қаноат ҳосил қилишида муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Бу борадаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика (катта) инспекторларини 2021-2023 йилларда хизмат уй-жойлари билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида изчил давом эттирилиши соҳа вакилларини янада рағбатлантиради.

Муҳтарама Комилова, ЎзА