“Толиблар ҳукуматининг хавфсизлик кучлари Ислом давлати террорчи ташкилотининг яширин бўлинмасини йўқ қилди”, деб хабар тарқатди Толибон ҳукуматининг расмий вакили Забихулла Мужоҳид ижтимоий тармоқ орқали.
Унинг таъкидлашича, Кобулнинг 12- туманида кечаси амалга оширилган ушбу амалиёт давомида, “Ислом давлатининг уч нафар муҳим аъзоси йўқ қилинган”. Бундан ташқари, толиблар жангариларда қуроллар, қўл гранаталари, портловчи моддалар ҳамда портловчи қурилмалар тайёрлашда ишлатиладиган материалларни мусодара қилган.
Ҳарбий амалиёт пайтида ҳеч ким жабр кўрмагани айтилмоқда.
Афғонистон ҳукуматининг тарқатган хабарида айтилишича, террорчилар ушбу яширин жойдан "Кобулда қўпорувчиликни ташкиллаштириш учун фойдаланган”.
Террорчилар “муқаддас Рамазон ойида зиёратгоҳларга ва тинч аҳолига қарши ҳужумлар уюштирмоқчи бўлишган”, дейилади хабарда.
Сўнгги ойларда Афғонистоннинг бир нечта вилоятларида, жумладан, пойтахтда қатор портлашлар, қуролли ҳужумлар ва отишмалар уюштирилди. Натижада инсонлар қурбон бўлди. Ушбу портлашларнинг аксариятида жавобгарликни Ислом давлатининг ажралмас қисми ҳисобланган “Хуросонда Ислом давлати” ташкилоти ўз зиммасига олган.