Ижтимоий тармоқларда Янгийўл туманидаги “Туябуғуз” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида илонлар қўйиб юборилгани бўйича хабар кенг жамоатчиликнинг эътиборини тортди.
Мазкур воқеа юзасидан Тошкент вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан ҳудуддаги вазият ўрганилди. Маълум бўлишича, жорий йилнинг 2 октябрь куни мазкур “Туябуғуз” МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаронинг хонадонида сақланган кобра илонлар қўйиб юборилган. Ҳолат бўйича туманнинг Экология, Ички Ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш ҳамда Ободонлаштириш бўлимларининг, шунингдек, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вакиллари, МФЙ раиси ва фаоллардан иборат ишчи гуруҳи тузилди.

Биринчи галда аҳолининг ваҳимага тушмаслиги ва тегишли чоралар кўриш бўйича масъулларга топшириқ берилди. Аниқланишича, шу маҳаллада яшовчи 1980 йил туғилган фуқаро Н.Ю. ўзи яшаётган хонадонда 30 дан ортиқ “Осиё кобра” илонларини тегишли рухсатномаларсиз сақлаб келган.

Бироқ, номаълум сабабларга кўра, сақланаётган илонлар очиққа қўйиб юборилган. Бу ҳолат маҳаллий аҳоли томонидан аниқланиб икки кобра илони тутиб ўлдирилган. Ҳозирги вақтда ишчи гуруҳ томонидан шу яқин атрофда яшовчи аҳоли хонадонларида дорилаш ишлари олиб борилиб уй ҳайвонларини вақтинча тутқунликда сақлаб туриш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Фуқарога нисбатан ИИБ ходимлари томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб бориляпти.

А.Мусаев,ЎзА