Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кластерли ёндашув рақобатбардошликни оширишнинг самарали усули
15:50 / 2021-02-09

Жаҳон иқтисодиётида глобаллашув, ривожланишнинг бир текис эмаслиги, мамлакатлар ўртасида рақобат курашининг кескинлашуви билан боғлиқ сифат ўзгаришлари юз бермоқда. Мамлакатимиз иқтисодиётини жаҳон бозоридаги рақобатда тенг кучли иштирокчига айлантириш бугунги куннинг кечиктириб бўлмайдиган вазифаларидан биридир.

Бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқлари корхоналари олдида бир қанча муаммолар мавжуд ва бу муаммоларни “ёлғиз” корхоналар еча олиши амалда иложсиздир.

Таҳлилимизча, Ҳозирги кунда республикамиз корхоналарида мавжуд муаммолар таҳлил қилинди. Бунда соҳага оид энг муҳим янгилик ва ахборотлардан ўз вақтида хабардор бўлмаслик, турли корхоналарнинг бир-биридан алоҳидалиги, ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг паст даражадалиги, мавжуд инфратузилманинг ҳозирги кун талабларига жавоб бера олмаслиги, ишлаб чиқариш фондлари (асосий фондлар, айланма маблағлар)дан фойдаланиш даражасининг пастлиги эвазига меҳнат унумдорлигининг пастлиги аниқланди.

Шу боис, ҳозирги пайтда иқтисодиёт тармоқлари корхоналари интеграциялашувининг турли кўринишлари, шу жумладан, кластерлар алоҳида аҳамият касб этади. Мамлакат иқтисодиётини бошқаришга кластерли ёндашув рақобатбардошликни оширишнинг самарали усулидир.

Ҳозирги кунда “Bek cluster” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона таркибида 20 дан ортиқ корхона иқтисодиётнинг турли тармоқларида фаолият юритмоқда. Корхоналарда вилоят, қўшни вилоятларда яшовчи ва хорижий давлатлардан 5 минг нафардан ортиқ ишчи меҳнат қилаётир. Ишчиларга муносиб иш ва турмуш шароитларини яратиб беришга ҳаракат қилаяпмиз.

Жаҳон мамлакатларида коронавирус пандемияси билан боғлиқ муаммоли вазият бўлишига қарамасдан 2020 йил давомида “Bek cluster” МЧЖ ҚК таркибига кирувчи корхоналаримиз томонидан 17 802 604,96 АҚШ долларилик турли маҳсулотлар экспорт қилинди. Экспорт қилаётган маҳсулотларимиз таркибида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари салмоқли ўрин эгаллайди.

Келажакда “Bek cluster” МЧЖ ҚК томонидан бир қанча истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

Давлат-хусусий шерикликда амалга оширилаётган “Ўсимлик маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш технологиялари илмий-амалий маркази” лойиҳаси. Ушбу лойиҳа доирасида Ўзбекистон Республикаси Инновация вазирлигига ўсимлик маҳсулотларини етиштириш ва уларни қайта ишлашга тааллуқли 3 та грант лойиҳаси тақдим этилган.

Марказга илм-фаннинг энг сўнгги ютуқларини ўзида жамлаган лаборатория ускуналарини олиб келиб ўрнатиш бўйича Греция ва Германиянинг дунёда тан олинган ишлаб чиқарувчи корхоналари билан шартномалар имзоланган. Лойиҳани амалга оширишдан мақсадимиз – илмий-амалий марказимизни нафақат Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларида, балки бутун дунёда тан олинадиган илмий-текшириш институтига айлантиришдир.

Ижтимоий иссиқхона лойиҳаси. Лойиҳа Ховос туманининг чекка қишлоқлари аҳолиси учун 10 сотихли қуёш энергияси ҳисобига исийдиган иссиқхоналар қуриб бериб, уларни доимий иш ва барқарор даромад билан таъминлашни кўзда тутади.

Лойиҳа доирасида мингта иссиқхона қурилиб, камида 2 минг нафар иш ўрни яратилади. Иссиқхоналарда қулупнай кўчатлари экилиб, етиштирилган ҳосилни Россияга экспорт қилиш режалаштирилган. Қулупнай ҳосилини сотиш бўйича Россиянинг йирик савдо тармоқлари билан дастлабки келишувлар амалга оширилган.

Айни кунларда лойиҳа бўйича ишлар бошланиб, дастлабки 40 комплект иссиқхона пойдеворини қуйиш ва металл конструкцияларни ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳани амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад – аҳолини иш билан таъминлаб, реал даромадларини кўпайтириш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини оширишдан иборат.

Ип йигирув, марли тўқиш, оқартирув фабрикаси лойиҳаси. Лойиҳани Мирзаобод туманининг Улуғбек СИУ ҳудудида амалга ошириш режалаштирилган. “Bek cluster” МЧЖ ҚК таркибидаги “Mirzaobod universal trade” МЧЖга тегишли пахтани дастлабки қайта ишлаш заводи ҳам ўша ҳудудда жойлашганлиги лойиҳанинг логистик афзаллигини оширади. Лойиҳа амалга оширилса, 1 минг 443 та янги иш ўрни яратилади. Туманнинг экспорт салоҳияти 116 914 780 АҚШ долларига ошади.

“Туронбанк” ва “Асакабанк” акциядорлик тижорат банклари билан ҳамкорликда 63 гектар майдонда лимончилик иссиқхоналарини қуриш лойиҳаси. Ушбу лойиҳа амалга ошгандан сўнг йилига 5 минг 670 тонна лимонни хорижга экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади. 1 минг 236 та янги иш ўрни яратилади. Кейинчалик тайёр лимон маҳсулотини қайта ишлаб, турли шарбатлар ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлади.

Қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш лойиҳаси.“Bek cluster” МЧЖ ҚК таркибидаги “Mirzaobod universal trade” МЧЖда қишлоқ хўжалиги ишларини назорат ва мониторинг қилиш учун АҚШнинг “Trimble”, Белоруссиянинг “Texnoton”, Украинанинг “Cropio” рақамли дастурларидан фойдаланилмоқда.

“Cropio” дастури ёрдамида қишлоқ хўжалиги экин ерлари контурма-контур сунъий йўлдошдан суратга олинади. Олинган суратлар ёрдамида экин ерларидаги салбий ёки ижобий ўзгаришларни ҳафталар, ойлар, йиллар кесимида таҳлил қилиш ва тегишли чоралар дастурини ишлаб чиқиш имконини беради.

“Texnoton” дастури масофадан туриб қишлоқ хўжалиги техникаларида ёқилғи сарфини назорат қилиш имконини беради.

“Trimble” дастури эса транспорт воситалари ҳаракатини масофадан туриб назорат қилиш ва тўғри логистик қарорлар қабул қилиш имконини беради. Келгусида корхонамиз пахта ва ғаллани томчилатиб суғориш тизимини бошқаришни ҳам рақамлаштиришни режалаштирмоқда.

Шу каби яна бир қанча лойиҳаларни амалга оширишни мақсад қилиб қўйганмизки, зеро, бу ҳаракатларимиз ватанимиз иқтисодий тараққиётининг юксалиши, халқимиз турмуш фаровонлигининг ошишига озгина бўлса-да фойдаси тегса, Ватан ва халқ олдидаги ўз бурчимизни бажарган бўламиз.

 

Улуғбек Сотиболдиев,

Олий Мажлис  Сенати аъзоси.

ЎзА