English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кластерлар томонидан 9,2 миллион тонна қишлоқ ҳўжалиги маҳсулоти етиштирилган
15:46 / 2021-11-26

Қишлоқ хўжалиги соҳасининг мамлакат иқтисодиёти ҳамда аҳоли турмуш фаровонлигидаги ўрни ва аҳамияти долзарб. Мазкур соҳа ривожи дастурхонларимиз тўкинлиги ва турмушимиз фазйу баракасини таъминлайди. Маълумотларга кўра, жорий йилда кластерлар томонидан 9,2 миллион тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулоти, шундан 1,8 миллион тонна пахта хом-ашёси, 6,6 миллион тонна бошоқли дон ҳамда 838 минг тонна мева-сабзовот етиштирилган.

Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси йиғилишида маълум қилинди. Йиғилишда сенаторлар Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган стратегияси доирасида 2021 йилда амалга оширилган ишлари тўғрисидаги ахборотини эшитди.

Ахборотда қайд этилганидек, вазирлик томонидан стратегия доирасида қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда томорқалардан самарали фойдаланиш мақсадида асосий турдаги қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотларини етиштириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, қайта ишлаш ва сақлаш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган.

Ҳудудларни муайян турдаги маҳсулотлар етиштиришга босқичма-босқич ихтисослаштириш мақсадида 79,3 минг гектар ер майдони ажратилган. Шунингдек, вазирлик ҳузурида “Агросервис оператор” ДУК ташкил этилиб, 300 гектаргача майдонда плантация усулида интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш ва етти йил муддатда тўлаш шарти билан аҳолига сотиш тизими йўлга қўйилган.

Шунингдек, 189,4 минг гектар майдонни қайта фойдаланишга киритиш, чўл, адир ҳудудлардаги лалми-яйлов ерларни ўзлаштириш мақсадида ирригация-меллиорация тадбирларини амалга ошириш, насос агрегатлари ўрнатиш ҳамда суғориш қудуқларини қазиш ишлари амалга оширилмоқда.

Йиғилишда амалга оширилган ишлар билан бирга, ўз ечимини кутаётган айрим муаммолар ҳам борлиги қайд этилди. Хусусан, кредитлаш ва суғурталаш механизмини қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоғини стратегик устувор йўналишлари ҳамда эҳтиёжларига мос равишда такомиллаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳанузгача ишлаб чиқилмаган. Бундан ташқари, фермер хўжаликларини тугатиш, қайта ташкил қилиш жараёнида қонун бузилиш ҳолатлари юзага келмоқда. Фермер хўжалиги раҳбарларига хабар бермасдан уларга ажратилган ер майдонлари захирага олиб қўйилмоқда.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи фермер хўжаликлари номи, раҳбари, фаолият тури, ер майдони, шартнома бўйича ҳосил миқдорларини белгилаш, ер майдони олиб қўйилган фермер хўжаликлари тўғрисидаги маълумотлар тўлақонли эълон қилинмаганлик ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса фермер хўжаликлари ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлмоқда.

Йиғилишда тақдим этилган ахборот юзасидан турли фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билдирилди.

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА