Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кластер томонидан Ўзбекистонда биринчи миллий жинси бренди — «B Jeans» яратилди
16:13 / 2021-05-27

“Bukhara Cotton Textile” корхонаси фаолияти йилдан йилга ривожланиб, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва сифати ошмоқда.

Мазкур корхона Президентимиз ташаббуси билан Бухоро шаҳрининг ташландиқ бўлиб ётган собиқ тўқимачилик комбинати ҳудудида барпо этилди. Унга 65,2 миллион АҚШ долларилик инвестиция йўналтирилган.

Йирик тўқимачилик мажмуасида бешта – йигирув, бўяш, тўқимачилик, “Деним” жинси матосига ишлов бериш, тайёр тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш фабрикалари бирлашган.

Мажмуанинг умумий майдони 10 гектарни эгаллаган. Бу ерда мавжуд бўлган битта эски бино тубдан қайта реконструкция қилинган, қўшимча равишда яна 19 та янги бино ва иншоотлар барпо этилган. Кластернинг ишлаб чиқариш фабрикалари Германиянинг “Schlafhorst Zweigniederlassung der Saurer Germany Gmbh&Co KG”, “Volkmann Saurer”, “Beninger AG”, “Xetma”, “Monforts”, “Mayer”, “Menzel”, “Osthoff”, АҚШнинг “MORRISON”, Бельгиянинг “PICANOL n.v.”, Франциянинг “AESA” каби дунё тўқимачилик саноатида етакчи бўлган компанияларида тайёрланган энг замонавий технологик линиялар, асбоб-ускуна ва дастгоҳлар билан жиҳозланган.

Кластер томонидан ўтган 2020 йилда 21 минг тонна пахта хом ашёси етиштирилган. Пахтани қайта ишлаш натижасида қарийб 6 минг тонна ип-калава, 300 минг погон метр жинси матоси ва 100 минг дона жинси тайёр маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. 7 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган.

Корхона мутасаддиларининг таъкидлашича, йиллар давомида хом ашё сифатида килограмми 1,2-1,5 доллардан сотиб олиб келинган тола 15-20 долларлик қўшимча қийматга эга бўлган тайёр маҳсулотга айлантирилди. Жорий йилда 26 минг тонна пахта хом ашёси етиштирилади. Уни бирламчи қайта ишлаш орқали 9 минг 100 тонна тола олинади. Тола эса “Bukhara Cotton Textile” корхонасида чуқур қайта ишланиб, ундан 8 минг 450 тонна ип-калава йигирилади. Кейинги босқичларда эса 15 миллион погон метр деним жинси матолари тўқилади. Ундан 12,5 миллион дона “Деним классик” ва “Деним стрейч” шимлари ишлаб чиқарилади. Тайёр маҳсулотларнинг 80 фоизи экспорт қилинади.

Кластер томонидан Ўзбекистонда биринчи миллий жинси бренди — «B Jeans» яратилгани унинг навбатдаги ютуғи бўлди. Харидорларга ушбу ёрлиқ остидаги жинси либосларини етказиб бериш мақсадида 2020 йилда Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Наманган шаҳарларида кластер савдо тармоқлари ишга туширилди. Бу эса “занжирли” ишлаб чиқаришнинг энг муҳим бўлган якуний ҳалқаси боғланганидан далолатдир.

Кластер ўз олдига республика бўйича 50 та ана шундай савдо дўконлари очишни мақсад қилган. Хусусан, яқин кунларда Андижон ва Фарғонада ана шундай фирма дўконлари ишга туширилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг чет эл давлатларидаги элчихоналари кўмагида хорижий давлатларда 100 та савдо нуқтасини ишга тушириш режалаштирилган. Айни пайтда Германиянинг Мюнхен, Дрезден каби йирик шаҳарларида ўзбек миллий бренди остидаги маҳсулотлар етказиб бериладиган дастлабки 7 та савдо дўконини ишга тушириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида “Савдо уйи” очилди. Қозоғистонда ташкил этиш мўлжалланган. Келгусида бундай савдо тармоқлари Европа давлатлари, Болтиқбўйи республикалари, Япония ва ҳатто жинси ватани бўлган АҚШда ҳам фаолияти йўлга қўйилади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, чет эллардаги савдо тармоқлари орқали йилига ўртача 75-80 миллион евро миқдорида валюта тушумига эришилиши мумкин. Бу миллий брендларимиз тез орада дунё бозорларини эгаллашидан бир нишонадир.

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон маданий мерос ҳафталиги доирасида ташкил этилган “Миллий либослар — янги ренессанс дурдоналари” модалар намойишида “B Jeans” бренди остидаги либослар коллекцияси илк намойишдаёқ муваффақият қозонди. Модалар намойишида 50 дан зиёд либослар коллекцияси тақдим этилди. “ВСТ Cluster” жинси матолари асосида яратилган либослар 40 дан ортиқ мамлакатлардан келган соҳа мутахассислари томонидан юксак баҳоланди. Натижада ўзида табиийлик, қулайлик ва ҳашамни мужассам этган “B Jeans” коллекцияси “Ўзбек миллий либослари анъаналарини сақлаш ва ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун” махсус дипломи билан тақдирланди.

“Bukhara Cotton Textile” корхонасида ишлаб чиқарилаётган жинси матолари рангининг табиийлиги билан ҳам ички ва ташқи бозорда устунликка эга. Ишлаб чиқаришда зарур бўладиган табиий бўёқ олиш учун хориждан индигофера ўсимлиги уруғлари олиб келинди. 80 гектар майдонда етиштириш йўлга қўйилди. Пировардида шу ернинг ўзида табиий бўёқлар олишга муваффақ бўлинди.

Кластер жамоаси ўз олдига корхона фаолиятини кенгайтириш, маҳсулот турини кўпайтириш ва сифатини янада яхшилаш эвазига Ўзбекистон жинси маҳсулотлари дунё бозоридан мустаҳкам жой эгаллашига эришишни бош мақсад қилиб қўйган.

Зариф Комилов,

Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА