Риштон туманидаги саноат корхоналари сони яна биттага ошди. Бу воқеа ҳар бир риштонликка дахлдор эди. Шунинг учун ҳам унинг очилиш тадбири байрамлардагидек нишонланди. Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозаров корхонанинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.
–357 млрд.сўм ёки 32 миллион АҚШ доллари миқдорида муассис Магамед Костоев томонидан тўғридан-тўғри инвестиция киритилди, ҳозирча 500 та иккинчи лойиҳа ишга тушса жами 1000 та иш ўрни, 20 млн долларлик экспорт! Бундай натижа давлат раҳбарининг тадбиркорликка яратган имтиёзли шароитлар, муассиснинг фидойилиги туфайлидир, – деди вилоят ҳокими.

Дарҳақиқат, Риштон туманида қишлоқ хўжалиги, айниқса пахтачилик оқсоқ эди.
–Мен пахтачилик кластери ташкил этган 2018 йилда ҳосилдорлик 16 центнер эди. 5 йил ўтиб, 2023 йилда ҳар гектаридан 39,8 центнердан ҳосил олдик, – дейди Магамед Костоев. – Етиштирилган ҳосил юз фоиз ўзимизда қайта ишланади. Шу пайтгача ип йигирар эдик. Энди бўёқ, тўқимачилик босқичларини ишга солдик.

“Kosto Line Holding” хорижий корхонасида йилига жами 20,6 минг тонна калава ип, мато, момиқ сочиқ, чойшаб маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Иккинчи босқичда яна 10 млн долларлик инвестиция амалга оширилиши кутиляпти. Ҳозир ишга туширилган корхонага Германия, Италия, Туркия ва Франциянинг илғор технологик ускуналари келтириб ўрнатилди. Асосий эътибор маҳсулот сифатига қаратилди. Шунинг учун ҳам Европа бозорларидан муқим харидорлар пайдо бўлди.
Муассис Магамед Костоевга вилоят ҳокимлигига Риштон халқи номидан ташаккурнома топширилди.

–Россия фуқароси бўлсамда, 18 йилдан буён Ўзбекистонда яшаб бизнес юритяпман. Бунинг бош сабаби ўзбек халқининг меҳнатсевар ва меҳмондўстлиги. Ўзбекистон давлатининг, айниқса давлат раҳбарининг хорижий инвесторларга яратиб берган қулай муҳитидир, – деди у.
“RUSO‘ZBEKTEKS” пахтачилик кластери энди “Kosto Line Holding” хорижий корхонасига айланди. Ишчи ўринлари сони бугундан бошлаб мингтага етди.

–Уйда тикувчилик билан шуғулларнар эдим. Янги корхона очилгандан сўнг бу ерда устозлардан тўқувчилик касбини ҳам ўргандим. Ҳозир кўчамиздан учта илгари уйда ўтирган аёллар биргаликда ишлаяпмиз. Биз бундан жуда ҳурсандмиз, - дейди Жумагул Эргашева.
Тадбирда иштирок этган қўшни Қирғизистоннинг Баткен, Қадамжой туманлари раҳбарлари, тадбиркорлари шу бугуноқ янги корхона маҳсулотини сотиб олиш масаласини муҳокама қилдилар.

–Ўзбекистон шубҳасиз сўнгги йилларда Марказий Осиёнинг иқтисоди етакчи давлатига айланди. Биз бунинг гувоҳи бўлиб турибмиз, - дейишди улар.
Маълумот учун шу ҳафтанинг ўзида Фарғона вилоятида ўнга яқин корхоналар фойдаланишга топширилиб, 7 мингга яқин янги иш ўринлари яратилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/r_vy9PBT1LY" title="KLASTER EDI, XOLDINGGA AYLANDI" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов,
Тасвирчи: Элёр Олимов, ЎзА