Ўзбекистон қадимдан дўстлик ва тинчлик, биродарлик ва қардошлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик улуғланган диёр сифатида шуҳрат қозонган. Айни жиҳатлар мамлакатимизда 30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан ташкил этилган Дўстлик фестивалида яна бир бор намоён бўлмоқда.
Бугун фестивал доирасидаги энг муҳим тадбир бўлиб ўтди. Республикамизда учинчи бор нишонланаётган ушбу сана муносабати билан, давлатимиз раҳбари фармонига асосан, бир гуруҳ ҳамюртларимиз Ватанимизнинг юксак мукофотлари — орден ва медаллар билан тақдирланди.
Пойтахтимиздаги “Интерконтиненталь” меҳмонхонасида ана шу мукофотлар ўз эгаларига тантанали тарзда топширилди.
Турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, миллий маданий марказлар вакиллари, юртимизда миллатлараро дўстликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётганлар таклиф этилган тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари, Президент матбуот котиби Шерзод Асадов давлатимиз раҳбарининг ушбу сана муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Табрикда қайд этилганидек, азал-азалдан ўзининг дўстлик, биродарлик ва бағрикенглик анъаналари билан шуҳрат қозонган қадимий ва бетакрор Ўзбекистон заминида 130 дан зиёд миллат, элат вакиллари ўзаро тинч, аҳил яшаб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда, 16 та конфессияга мансуб диний ташкилотлар, 38 дўстлик жамияти, 153 миллий маданий марказ фаолият кўрсатмоқда. Улар турфа эзгу қадриятларни асраб-авайлаш, урф-одат ва анъаналар бардавомлигини таъминлаш, ёш авлодни миллатлараро бағрикенглик руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Миллий маданий марказлар фаолиятини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, самарали фаолият учун кенг, қулай шароит яратиш масаласи миллий қонунчилик билан мустаҳкамланган. Бундай муассасаларнинг турли илғор ташаббуслари грант, ижтимоий буюртма ва субсидия орқали фаол қўллаб-қувватланмоқда.
[gallery-12947]
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган маҳаллий ва хорижий жисмоний ҳамда юридик шахслар фидойи меҳнати, фаолиятини муносиб тақдирлаш мақсадида, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 1 июндаги қарорига асосан, “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони таъсис этилган.
Байрам муносабати билан 26 нафар турли миллат вакиллари давлат мукофоти, 150 нафар юртдошимиз ва хорижий ҳамкорлар мазкур нишон билан тақдирланди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева ва Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов турли миллат вакилларига давлат мукофотларини топширди.
Анжуманда эътироф этилганидек, Конституциямиз ва қонунларимизда Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари миллати, тили ва динидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликка эга экани муҳрлаб қўйилган, уларга ўз маданияти, анъана ва урф-одатини асраб-авайлаш, ривожлантириш учун барча шароит яратилган.
Давлатимизнинг юксак мукофоти “Дўстлик” ордени билан тақдирланган Амударё тумани нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси ўринбосари Бекман Аллаберганов, “Славутич” Республика украин миллий маданий маркази раиси ўринбосари Оксана Довгунюксак эътибор учун халқимизга, давлатимиз раҳбариятига чуқур миннатдорлик билдириб, самимий дил сўзларини изҳор этди.
– Бугун ҳаётимдаги энг қувончли кун, – дейди “Дўстлик” ордени соҳибаси, Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркази Сирдарё вилояти бўлими раиси Клара Фазилова. – Камтарона меҳнатимиз шундай эътирофга, давлат мукофотига лойиқ топилганидан бошим кўкка етди. Бир қозоқ аёли сифатида шу заминда туғилганимдан фахрланаман, самимий ва меҳрибон ўзбек халқи билан аҳил, иноқ яшаётганимдан беҳад мамнунман. Айни пайт вилоятимиз бўйлаб 6 жойда миллий маданият маркази фаолият кўрсатмоқда. Барчамизнинг ягона мақсадимиз – халқлар, турли миллат, элат вакиллари ўртасида дўстликни, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш. Мукофот, давлатимиз раҳбари томонидан йўлланган табрик менга қўшимча куч-ғайрат, шижоат бағишлади. Бундай юксак ишончни фақат ва фақат юртимиз равнақи учун меҳнат қилиб оқлаймиз.
Гўзал Сатторова, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА