Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманидаги Саховат маҳалласида жойлашган туман Маънавият ва маърифат масканида “Китобхон оналар” куни тадбири бўлиб ўтди.
Тадбир “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” бош ғояси остида, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан ташкил этилди. Ушбу маърифий учрашувда Ватан севгиси, она юртни ардоқлаш ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган шеър ва насрий асарлар тақдим этилди, китоблар муҳокама қилинди, иштирокчилар фикр алмашдилар.

– “Китобхон оналар” лойиҳаси уч йилдан буён ҳар ойнинг 17-санасида мунтазам ўтказилади. Бу ташаббус орқали минглаб аёллар китоб мутолаасига жалб қилинди, юзлаб оилаларда шахсий кутубхоналар шаклланди ва китоб ҳаёт тарзи сифатида тарғиб этилмоқда. Лойиҳа нафақат китобхонликни ривожлантириш, балки оиланинг маънавий қадриятларини мустаҳкамлаш, она ва фарзанд ўртасидаги маънавий боғланишни кучайтиришга ҳам хизмат қилмоқда, – дейди туман ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Шоира Қаршибоева.

Тадбирда маҳалла “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, кутубхоначилар, ёш ижодкорлар, уй бекалари ва ёш оналар иштирок этишди. Улар ўз тажрибалари ва фикрларини ўртоқлашди, шу орқали маҳаллаларда китобхонликни ривожлантириш ва маънавий муҳитни мустаҳкамлашда янги ғоялар билан танишдилар.
Ушбу тадбир нафақат аёллар китоб мутолаасига қизиқишини оширди, балки маҳаллаларда маънавий-маърифий муҳитни янада бойитди, ёшларнинг ахборот ва маънавиятга қизиқишини кучайтирди. “Китобхонлик ташаббуси кенг қулоч ёзмоқда” деган ғоянинг амалдаги самараси ана шу тадбир орқали яққол намоён бўлмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири