Мутолаа орқали инсоннинг билими ортиб, мантиқий фикрлаши ўсади. Ёшларнинг интеллектуал ва илмий салоҳиятини оширишга хизмат қилувчи жаҳонга машҳур китобларни ўзбек тилига таржима қилиб, эртамиз эгаларини замонавий илм-фаннинг сўнгги ютуқлари билан таништириб бориш бугуннинг муҳим масалаларидан биридир.
Аҳоли ўртасида китобхонликни ривожлантириш ва ёшларни илмий-оммабоп китоблар мутолаасига жалб этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023йил 28 ноябрдаги “Ёшлар учун минг китоб” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги хайрли ишларни янги босқичи олиб чиқади. Ушбу қарорнинг моҳияти, ҳужжат ижроси юзасидан кутилаётган натижалар хусусида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ўқув-методика ва ҳарбий ватанпарварлик бўлими бошлиғи Маъмура Зоҳидова билан суҳбатлашдик.
– Китоб нашр этиш ва тарқатиш ҳамма мамлакатда ҳам қатъий тартибга солинмаган, – дейди Маъмура Зоҳидова. – Турли мавзу ва мақсадда китоб битадиганлар, уни нашр этиб тарқатувчилар жуда кўп. Айниқса, бадиий китоблар борасида қатъий чекловларни бундан кейин ҳам белгилаб бўлмайди, иложи ҳам йўқ. Китобга эҳтиёжнинг борлигидан қувонадиган даврдамиз. Шундай вақтда бу қарорнинг эълон қилингани айни муддао бўлди. Китоб мутолааси деганда, одатда, биз бадиий китоблар ўқишни англаймиз.
Ушбу лойиҳа эса ўз олдига ёшларнинг интеллектуал ва илмий салоҳиятини оширишга хизмат қилишни мақсад қилган. У замонавий илм-фаннинг сўнгги ютуқлари билан ёшларни таништириб боришни кўзда тутади. Мингта китоб, албатта, бирданига таржима қилиниб, чоп этилмайди, босқичма-босқич амалга оширилади. Экспертларга таяниб иш кўрилиши жуда тўғри қарор. Аҳоли таклифлари устида эса, албатта, ишлаш керак деб ўйлайман. Яъни аҳоли фикрини ўрганишдан аввал лойиҳа моҳияти ва мақсадини чуқур англатиш лозим.
Бугунги кун ёшларига қандай китоб бериш керак? Саволга бир оғизда яхши китоб деб жавоб бериш ҳам мумкин. Аммо ёшлар уларга нима берсангиз, шуни қабул қилади.
Қизиқувчан ёшларга айни илмий ва интеллектуал мазмундаги, кашфиётлар, тадқиқотлар ҳақидаги китобларни тақдим этишнинг қандай йўллари борлиги ҳақида кўп ўйлардим. Ушбу лойиҳа ўзбек фанининг ривожига ҳали улкан ҳисса қўшади. Бу меҳнатнинг самараси, албатта, дарров кўриниб қолмайди. Бунга вақт керак.
Ёшлар анойи эмас. Уларга бирор воқелик ё ҳодисани, олам мўъжизаларини тушунтириб қўядиган эмас, фикрлашга ундайдиган китоблар кераклироқ ва қизиқроқ. Айни мақсад борасида эса Ёшларга уларни кенг тафаккур қилдирадиган, ўзининг қизиқишларини аниқлаб олишлари ва фаннинг маълум соҳаси билан шуғулланишларига туртки берадиган китобларни тавсия қилиш керак. Зериктириб, бездирмаслиги учун оддийдан мураккабга қараб борадиган, маълум тизимда тақдим этиладиган китоблар лозим. Буларнинг ҳаммасини ҳар йил бошида чоп этилиши кўзда тутиладиган китобларни экспертлар ёрдамида аниқлаб олишда кўзда тутиш керак.
– Ўзбек тилидаги адабиётлар жамланадиган ва аҳоли учун бепул фойдаланиладиган махсус платформаларнинг яратилиши ўзбек аудиториясига қанчалик таъсир ўтказади?
– Албатта, бу жуда зарур. Ҳаммамизнинг қўлимизда телефон. Ёшларимизни кенг тафаккур қилишга ундаш, ўзи танлаган соҳадаги янгиликлардан доимий хабардор бўлиш, соҳани мунтазам чуқур ўрганиб боришга ундайдиган платформа бўлса, биз илм-фан соҳасида катта ўзгаришларга дохил бўламиз. Китобларни жойлаштириш, албатта, ўзбек китобхони дунёқарашини кенгайтиради. Адабиётларнинг электрон шакли мавжудлиги тилимизни ўрганишга бўлган эътиборни янада оширишга ҳам хизмат қилади. Минг китобнинг барчаси ёшларимиз томонидан жиддий мутолаа қилинишини истаймиз. Сабаби, бу билан ўзларигина илм-фан чўққиларини забт этиб қолмайдилар, улар ҳадемай улғаядилар, мамлакатнинг катта ёшдаги қатламига айланадилар. Ота-она сифатида фарзанд тарбиялайди. Ана шунда уларнинг оиласида илм-фан сирларини забт этувчи зукко фарзандлар камолга етади.
– Аҳоли ўртасида китобхонликни тарғиб этиш ва ижодкорларнинг истеъдодини шакллантириш йўлида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қандай лойиҳаларни амалга оширмоқда?
– Ёзувчилар уюшмасида ҳам амалга оширилаётган ишлар кўлами кенг. Бизда бадиий китоблар, шу билан бирга, тилшунослик ва адабиётшуносликка оид энг нодир асарлар чоп этилади. Орасида мумтоз асарлар ҳам, таржима асарлар ҳам, устоз ва замондош ижодкорлар қаламига мансуб асарлар ҳам, қардош тиллардаги китоблар ҳам мавжуд. Биламизки, бадиий китобларга эҳтиёж катта. Шу йилнинг ўзида “Адиб ва жамият”, “Назм бўстони”, “Танланган асарлар”, “Наср гулшани”, “Адабий мерос”, “Биринчи китобим” ва бошқа лойиҳаларда жами 50 номда, 220 минг нусхада китоб чоп этилди.
Ўтган 2022 йил якунларига кўра эса, “Адиб ва жамият”, “Назм бўстони”, “Танланган асарлар”, “Наср гулшани”, “Адабий мерос”, “Биринчи китобим” ва бошқа лойиҳаларда жами 150 номда, 388 минг 800 нусхада китоб чоп этилди. Китобларимиз китобхонларга етиб бориши учун кутубхоналар, маданият уйларига тарқатилади.
Танлов ва тадбирлар эса турли ёшдаги ижодкорларни бирлаштириб келмоқда. Яқинда ҳамкор ташкилотлар ва соҳа мутахассислари билан биргаликда “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 томлиги нашр этилди.
Ҳозирда эса “Ўзбекистон адиблари” тўплами ҳамда ўзбек адабиёти 300 томлиги устида иш олиб борилмоқда.
Китобхонлик тарғиботига доир лойиҳалар, эзгу ташаббуслар амалга оширилаётгани қувонарли. Улар, шубҳасиз, ўз мевасини беради.
ЎзА мухбири Марҳабо Мадаминова суҳбатлашди.