«Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз.
Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият» дея таъкидлади мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев 2021 йил 19 январь куни «Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш» масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида.
Дарҳақиқат, мутолаа инсонни маънавий камолотга эриштириб, жамиятда ўз ўрнини топишига хизмат қилади. Бу инсоният тарихида кўп бора исботини топган ҳақиқат.

Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани 1-умумтаълим мактабида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, беш ташаббус – беш имконият доирасида ўтказилаётган тадбирларда ўқувчи ёшларни китобхонлик клуби ва фан тўгаракларига қамраб олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мактабда “Беш ташаббус китоб билан» лойиҳаси асосида «Китобхонлик» клуби ташкил этилган. Клубнинг асосий мақсади ўқувчи-ёшлар орасида китобхонлик маданиятини тарғиб қилишдан иборат. Дастлаб ўқувчилар орасида «Тежалган пулга китоб оламиз» акцияси ташкил этилди. Акция давомида ўқувчилар маълум муддат орасида ўз харажатларидан ташқаридаги маблағларни жамғариб йиғилган пулларга китоб харид қилишди.
Иккинчи “Фарзандимга энг яхши совға” босқичида бевосита ота-оналар жалб этилиб, ўз фарзандлари учун китоблар совға қилишди. Ҳафтанинг ҳар шанба куни «Ўқиган китобим ҳақидаги ўйларим» мавзусида давра суҳбатлари, мунозара кечалари ташкил этилмоқда. Бу жараён ўқувчи-ёшлар дунёқарашининг кенгайишида, маънавий дунёсининг бойишида муҳим аҳамият касб этаётир.

Клуб аъзолари “Ёш китобхон”, “Китобхон оила”, “Китобхон ўқувчи” каби танловларда иштирок этиб келмоқда. Клубнинг энг фаол ўқувчиларидан бири Дилноза Абдураҳимова вилоят болалар кутубхонаси томонидан ташкил этилган «Китобхон ўқувчи» танловида “Энг фаол китобхон номинациясини қўлга киритди. Куни кеча мактабда «Жавондаги жавоҳир» шиори остида китоб савдоси ташкил этилди. Клуб аъзолари жаҳон ва ўзбек адабиётининг нодир дурдоналари бўлмиш бадиий адабиётларни харид қилишди.
2020-2021 ўқув йили якунланишига саноқли кунлар қолди. Клуб аъзолари таътил даврида ҳам ўз фаолиятини давом эттириб, маҳаллаларда, дам олиш масканларида, ёзги оромгоҳларда китобхонлик тарғиботи бўйича кечалар, танловлар, суҳбатлар уюштиришни режалаштирган. Бундай лойиҳалардан ҳар бир юртдошимиз манфаатдор экани клуб аъзоларини руҳлантиради.

Салимахон Қодирова,
Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани
1-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси,
«Китобхонлик» клуби раҳбари