English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Китобхонлик ҳафталиги кўтаринки руҳда ўтди
12:53 / 2021-04-07

Бухорода Абу Али ибн Сино номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида “Китобхонлик хафталиги” тадбири бўлиб ўтди. Унда китобсеварлар, тадбир ташкилотчилари, ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар, артистлар, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Ахборот-кутубхона марказининг ҳовлиси байрамона безатилди. Зулфия Мўминованинг шеърлари ҳафталик шиори каби янграб турди. Фойдаланувчилар томонидан кўп сўраладиган адабиётларнинг QR-кодлари туширилган баннерлар жойлаштирилди.

Шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли умумтаълим мактабларидан ташриф буюрган китобсевар ёшлар иштирокида мушоира ўтказилди. Иштирокчиларда Абу Али ибн Сино, Алишер Навоий ва Амир Темур сиймолари саҳналаштирилган бурчаклар ҳамда “Баркамол авлод” болалар мактаби шаҳар бўлими, Бухоро ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ўқувчиларининг ижодий ишлари кўргазмаси катта таассурот қолдирди.  

Онлайн ва оффлайн тарзда ташкиллаштирилган тадбирнинг очилиш маросимини вилоят АКМ директори Насиба Аминова очиб берди.  

Тадбирда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими бош мутахассиси Гўзал Рўзиева, халқ таълими бўлими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти доценти, тарих фанлари номзоди Абдурауф Ғафуров, Бухоро давлат университетининг филология фанлари доктори Лайло Шарипова сўзга чиқиб “Китобхонлик ҳафталиги”  байрами билан табриклади.

Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган 4-йўналиши доираси ўтказилаётган мазкур тадбир ёш авлод қалби ва онгига китобхонликни сингдиришда муҳим аҳамият касб этади.  

Тадбир доирасида Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ва Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров ижодига бағишланган “Назм ва наво” кечаси ўтказилди.

Кечада ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли шоир, таниқли жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг бетакрор ижодий мероси қолганлиги таъкидланди. Унинг Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат туйғусини, олижаноб инсоний фазилатларни мадҳ этган етук бадиий асарлари, сермазмун ҳаёти ва ижтимоий фаолиятининг халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёш авлод тарбиясидаги беқиёс ўрни ва аҳамияти ҳақида маълумот берилди. Бухоро давлат университети талабалари ва умумтаълим мактаблари ўқувчилари томонидан шоирнинг  шеърларидан намуналар ўқилди.  

Бухоро ихтисослаштирилган санъат мактабининг эстрада вокал бўлими ходимлари Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров ҳаёти ва ижоди ҳақида батафсил маълумот берди. Кечада Ботир Зокировнинг “Раъно”, “Араб тангоси” қўшиқлари ижро этилди. Ўзбекистон давлат филармонияси вилоят бўлими “Бухоро мавжлари” ашула ва рақс ансамблининг концерти ҳам бўлиб ўтди.  

Ҳафталик доирасида “Биз оилавий китобхонмиз” мавзуида  #bizoilaviykitobxonmiz хэштеги остида расмлар танлови, Халқаро ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш куни муносабати билан “Тарихий ватанимизни биргаликда асраймиз” мавзуида #moziydansado хештеги остида фотолавҳалар танловига старт берилди.

Бухоро шаҳар Давлат хизматлари марказининг залида “Ўзбекистон ифтихори ёшлар нигоҳида” мавзуида ёшлар билан мулоқот ташкил этилди.  

Тадбирда Тоҳир Малик қаламига мансуб “Одамийлик мулки” асари тақдимоти ўтказилди. Иштирокчилар ўртасида ўқилган адабиётлар юзасидан викторина бўлиб ўтди. “Кутубхона оиламиз ҳаётида” номли китоб кўргазмаси ташкил этилди.  

 

Зариф Комилов, ЎзА