Навоий шаҳридаги 23-умумтаълим мактабида “Китобхонлик фестивали” доирасида ўтказилган танловлар якунига бағишланган тадбир ташкил этилди.
Туман ва шаҳар болалар кутубхоналари раҳбарлари, ота-оналар ва ўқувчилар иштирок этган тадбир аввалида вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Раъно Ҳайитова китоб мутолааси ҳамда китобхонлик маданиятини ўқувчилар ўртасида кенг тарғиб қилиш ва юксалтириш борасида олиб борилаётган ишлар, тарғибот-ташвиқот ишларининг аҳамияти ва самараси ҳақида тўхталиб ўтди.


Фестивал доирасида жорий йил давомида вилоят бўйича “Ижодкор болалар”, “Энг фаол китобхон ўқувчи”, “Энг фаол кутубхоначи”, “Энг китобхон оила” ва “Энг китобхон мактаб” номинацияларида ўтказилган кўрик-танловларга жами 12 мингдан ортиқ ўқувчи жалб қилинди.


Тадбир давомида мазкур танловларда юқори натижаларга эришган 25 нафар ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.


Тадбирда ўқувчилар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага манзур бўлди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири