Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Китобхонлик бурчаги” ташкил этилди
12:19 / 2026-02-16

Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги Президент мактабида ёшлар маънавий камолоти ва мутолаага қизиқишларини юксалтиришга қаратилган “Китобхонлик бурчаги” ташкил этилди. Ушбу ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 15 январдаги “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилди.

– Янги “Китобхонлик бурчаги” ёшлар орасида мутолаа маданиятини юксалтириш, фикрлаш доирасини кенгайтириш, таҳлилий ва мустақил мушоҳада юритиш қобилиятини ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятли, – дейди Гулистон шаҳридаги Президент мактабининг махсус фанлар бўйича директор ўринбосари Рустам Азаматов. – Энг муҳими, “Китобхонлик бурчаги”да янги китоблар тақдимотлари, “Энг фаол китобхон” танловлари, ёзувчи ва ижодкорлар билан учрашувлар, китоб муҳокамалари ҳамда интеллектуал мулоқотлар мунтазам ташкил этилади.

Бурчак замонавий талаблар асосида жиҳозланган бўлиб, шинам ва илҳомлантирувчи муҳит яратишга хизмат қилади. Бу ерда ёшлар учун бадиий, илмий ва оммабоп адабиётлар жамланган бўлиб, уларга кенг билим олиш имконияти яратилган. Китоблар тақдимоти, “Энг фаол китобхон” танловлари ҳамда ижодкорлар ҳаёти ва фаолиятига бағишланган учрашувларни мунтазам ўтказиш режалаштирилган.

Мазкур ташаббус Сирдарё вилоятида амалга оширилаётган кенг қамровли таълим дастурларининг бир қисми ҳисобланади. Жумладан, мамлакатда самарали йўлга қўйилган “Президент иқтидорли фарзандлари” миллий дастури доирасида иқтидорли ёшларни барвақт аниқлаш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш назарда тутилган. Ушбу дастур орқали сараланган ўқувчиларга юқори малакали таълим, методик ёрдам ва халқаро имкониятлар тақдим этилади.

– Китоб — инсон ҳаётидаги энг қадрли йўлдош, – дейди “Президент иқтидорли фарзандлари” миллий дастурининг Сирдарё вилояти бош маслаҳатчиси Мадина Сапарова. –   Ушбу бурчак болаларнинг билим олишга бўлган қизиқишини ошириш, мутолаа маданиятини шакллантириш билан бирга, ўқувчиларнинг фикр доирасини кенгайтириш ва интеллектуал салоҳиятини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Янги “Китобхонлик бурчаги”да ёшлар мутолаа қилиш билан бир қаторда фикр алмашиш, муҳокамалар олиб бориш ва интеллектуал машғулотларда иштирок этиш имконига эга бўладилар. Бу эса уларнинг фикрлаш ва таҳлил қилиш қобилиятини ривожлантириш ҳамда мустақил фикр юритиш салоҳиятини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Мутолаа — билим, тафаккур ва маънавият сари энг ишончли йўл. Гулистон шаҳридаги Президент мактабида китобхонликни ривожлантириш ишлари изчил ва тизимли равишда давом эттирилиб, ёшлар орасида мутолаа маданиятини кенг тарғиб этишда муҳим ўрин тутади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири